Фарғона вилоятида «Нефтчи» — «Турон» (0:1) ўртасидаги футбол ўйинидан сўнг келиб чиққан тартибсизликда қатнашган 11 нафар шахс ушланди. Бу ҳақда Фарғона ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «в» банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилди.

Жиноят иши доирасида 6 нафар шахслар юқоридаги модда билан иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Шу билан бирга, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда иштирок этган 5 нафар шахсларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги боис, улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

«Тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, футбол бўйича Ўзбекистон Олий лигасига чиқиш учун ўйинда «Нефтчи» — «Турон» (0:1) баҳсидан кейин «Нефтчи» футболчилари, клуб ходимлари ва уларга қўшилиб жамоа мухлислари ҳам ҳакамларга ташланишган эди.