Шавкат Мирзиёев раислигида 30 ноябрь куни ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари транспорт соҳасидаги муаммоларга тўхталиб, 10 ойда Халқ қабулхоналарига 3 мингдан кўп мурожаатлар тушганини айтиб ўтди.

«Ҳар бир вилоят, айниқса, туман, шаҳар ҳокимлари бу масаланинг ичига кирмаганидан далолат. Бирорта шаҳарда ёки туманда транспорт соҳаси сифатини яхшилаш бўйича тажриба йўқ, десак, бу ҳам тўғри. Нега десангиз, ҳеч қайси вилоят ҳокими мана шу масалалар бўйича ўзини чора-тадбирларини қўшимча пул топиб, қўшимча автобус олиб, давлат хусусий-шерикчилик қилиб, бирор нарса қилмаган. Қилган бўлса ҳам, номига қилган», — деди президент.

Маълумотларга кўра, республика бўйича кунига қарийб 20 млн йўловчидан, бор йўғи 4,4 млн ёки 22% жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткичлар Андижон, Қашқадарё, Наманган (13%), Хоразм (14%), Самарқанд (17%), Фарғона (18%), Бухоро ва Тошкентда бундан ҳам кам.

Ҳар бир вилоят ҳокими биттадан туман ва шаҳар мисолида аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш юзасидан йил якунигача ва 2021 йилда қандай амалий ишлар қилиш кераклиги, қишлоқдан туман марказигача ҳамда туман марказидан вилоят марказигача транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ҳамда уларнинг сифатини ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

«Бугунги кунда 1200 та қишлоқ маҳалласидан туманлар марказигача бўлган йўналиш жамоат транспорти билан қамраб олинмаган. Мана тасаввур қилинлар, 1200 та қишлоқда одамларнинг кайфияти қандай. Бир ойда биттагина автобус ташкил қилсак бўлади, маҳаллий бюджетданам пул топса бўлади, ҳаракат қилса бўлади, давлат хусусий шерикчилик килса бўлади узоқ-узоқ қишлоқларда. Нимага буни ўйламайсизлар?» деди давлат раҳбари.

Йиғилишда аҳоли талабидан келиб чиқиб янги йўналишлар очиш, мавжудларини қайта кўриб чиқиш, автобус бекатларини реконструкция қилиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу борадаги чора-тадбирлар ижроси жойларга чиққан ҳолда ўрганиб борилиши, халқ депутатлари кенгашларида ҳар уч ойда транспорт тизими раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, аниқ вазифалар қўйилиши белгиланди. Соҳага оид қонунларнинг бугунги кун талабига жавоб бермайдиганларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.


«Одамлар билан бир маслаҳат қилинглар. Тошкентдан айтди ёки вилоят ҳокими айтди, деган гаплар керак эмас», — деди президент.

Республикада 5000 та автобус бекатлари яроқсиз аҳволга келиб қолган. Бу ҳам одамларни кайфиятига жуда катта таъсир қилаётган омил эканлиги таъкидланди.

«Одамлар учун шаҳар, туман ва қишлоқлар орасида транспортни қулай, хавфсиз ва осон қилиш керак. Бу хизматлардан халқ рози бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.