30 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ва россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда президентлар шу йили декабрь ойида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон раислигидаги МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Кремль сайтида маълум қилинишича, икки давлат раҳбарлари коронавирусга қарши Россия вакцинаси масаласида ҳам ўзаро фикр алмашишган.

«Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, жумладан, Россия вакцинасидан фойдаланиш муаммоларига алоҳида эътибор қаратишди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев Россия билан «Спутник V» вакцинаси бўйича олиб борилаётган музокаралар тўғрисида маълум қилган эди. Вазир музокаралар муваффақиятли ўтса, 2021 йил бошида Ўзбекистонда клиник синовларнинг учинчи босқичи бошланиши мумкинлигини маълум қилган.

Маълумот ўрнида, «Газета.uz» Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РТИЖ) ва Laxisam фармацевтика компанияси Ўзбекистонга 35 миллион доза коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини юбориш бўйича келишувга эришган ҳақида ёзган эди.

Шунингдек, COVID-19 га қарши «Sputnik V» вакцинаси ишлаб чиқувчилари унинг самарадорлиги 95 фоиздан юқори эканини эълон қилишганди. Халқаро бозорлар учун битта вакцина дозаси 10 доллардан камроққа нархланмоқда.