30 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.

«Давлат котиби Майкл Помпео АҚШ Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, президент Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини изчил қўллаб-қувватлашини тасдиқлади», — дейилади хабарда.

ТИВ раҳбари ва давлат котиби инсон ҳуқуқлари бўйича ислоҳотларнинг бориши, жумладан, диний эркинликни кенгайтириш, одам савдосига қарши курашиш, фуқаролик жамияти ва журналистлар учун маконни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Давлат департаментида таъкидланишича, Ўзбекистон бозор сиёсати ва хусусийлаштиришни амалга ошираётганидан келиб чиқиб, томонлар АҚШ экспортёрлари ва инвесторлари учун имкониятларни муҳокама қилишган.

Абдулазиз Камилов ва Майкл Помпео Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳар йилги икки томонлама маслаҳатлашувларни стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисидаги қарорни юқори баҳолашди. Мазкур мулоқот доирасида мамлакатлар сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва инсон ўлчовлари соҳасида янада яқинроқ ҳамкорликни ривожлантириш ниятида.

Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик, «С5+1» форматидаги ўзаро муносабатлар, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.