20 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида eTIR [рақамли ТИР] жараёнидан фойдаланган ҳолда биринчи юк ташиш амалиёти синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи [IRU] сайтида хабар берилди.

Тошкентдан маиший электр жиҳозлари бўлган юк машиналари Қозоғистон чегарасини кесиб ўтди, икки мамлакат божхона органлари эса транзит кафолатларини муваффақиятли тузишга эришишди.

Ўзбекистонда eTIR жараёнини жорий этиш Умумжаҳон автотранспорт ташкилоти [IRU] бошчилигида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти [GIZ], Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона органлари ҳамда халқаро автотранспорт ассоциациялари AIRCUZ ва КазАТО ёрдамида амалга оширилди.

«Автомобиль траспортида юк ташишни соддалаштириш мақсадида рақамлаштириш, айниқса, денгизга чиқишга имкони бўлмаган Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда муҳимдир. Чунки у денгиз портлари ва жаҳон бозорларига чиқишни яхшилаш учун қуруқлик йўналишларини ривожлантиришга имкон беради», — дейилади IRU хабарида. eTIR синов лойиҳаларида иштирок этишга минтақанинг бошқа давлатлари ҳам қизиқиш билдирди.

eTIR жараёнининг Марказий Осиё мамлакатларида қўлланилиши давлат чегараларини кесиб ўтиш тартибларини соддалаштиради, транспорт вақтларини қисқартиради, шунингдек ташувчилар харажатларини камайтиради. Тизимнинг қоғозбозликларсиз формати ҳайдовчилар ва божхона ходимларининг юзма-юз алоқаларини камайтиради ва COVID-19 тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни ҳам осонлаштиради.

eTIRдаги кўплаб жараёнларни маҳаллий ТИР уюшмаси идорасига ташриф буюрмасдан, масофадан туриб амалга ошириш мумкин.

Апрелда БМТ бош котиби Антонио Гуттериш eTIR жараёнини коронавирус пандемияси вақтида ва ундан кейинги даврда савдони қўллаб-қувватлаш учун жуда муҳим восита деб атаган эди.