Туркияда карантин чоралари кучайтирилди

Туркия президенти Режеп Эрдўған коронавирус тарқалишига қарши қаттиқ чеклов чораларини эълон қилди. 1 декабрдан бошлаб, душанбадан жумагача соат 21:00 дан эрталаб соат 5:00 гача мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий этилади. Шунингдек, дам олиш кунларида, яъни жума куни соат 21:00 дан душанба куни эрталаб соат 5:00 гача кўчага чиқиш тақиқланади. Янги чора-тадбирларга кўра, 20 ёшгача бўлган ва 65 ёшдан катта ёшдаги кишиларга жамоат транспортидан фойдаланиш тақиқланади. Ресторанларга фақат етказиб бериш учун ишлашга рухсат берилади. Савдо марказларига ташриф буюриш учун махсус йўлланма олиш керак бўлади. — Интерфакс.

Эрон парламенти уранни бойитиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Эрон парламенти уранни бойитиш даражасини ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Таъкидланишича, қонун лойиҳасига 290 депутатдан 248 нафари овоз берган. Ҳужжат кучга кириши учун Эрон конституциясининг Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланиши керак. Қонун қабул қилинса, Эрон йилига камида 120 кг (20 фоизгача бойитилган) уран ишлаб чиқариши керак бўлади. — ТАСС.

Россия ва Туркия Қорабоғдаги Қўшма марказ тўғрисида битимни имзолашди

Туркия мудофаа вазири Хулуси Aкар ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Қорабоғда сулҳга риоя этилишини кузатувчи қўшма турк-рус марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолашди. «Қўшма Туркия-Россия марказини яратиш ва ишлаш тамойиллари билан боғлиқ техник тафсилотлар бўйича музокаралар якунланди, келишув имзоланди», — дейилади баёнотда. Ушбу марказ Озарбайжон ҳудудида жойлашади. — Туркия Мудофаа вазирлиги.

Дунёда эҳтиёжманд аҳоли сони ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўпайди

2021 йилда дунё бўйлаб муҳтожларга ёрдам бериш учун рекорд даражадаги 35 миллиард доллар миқдорида маблағ керак бўлади. Тадқиқотларга кўра, COVID-19 коронавирус пандемияси туфайли дунёда 235 миллион одам ҳар хил шаклдаги ёрдамга муҳтож. Таъкидланишича, эҳтиёжманд аҳоли сони ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўпайган. «Aгар биз 2021 йилни катта очарчиликсиз бошдан кечирсак, бу катта ютуқ бўлади», — деди БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукок. — Интерфакс.