Сурхондарёда пахта топшириш режасига амалда мавжуд бўлмаган 21,3 фоиз, яъни 52 минг тонна пахта қўшиб ёзилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz нашри таҳририят ихтиёрига келиб тушган Сурхондарё вилоят прокуратурасининг 2020 йил 30 октябрдаги топшириғига таяниб хабар берган эди.

Унда вилоят прокурори ўринбосарларидан бири имзолаган ушбу топшириқда «Таҳлиллар, [Сурхондарё] вилоят бўйича жами 52 121 тонна пахта хомашёсини қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатмоқда», — дея таъкидланади.

Нашрнинг ёзишича, топшириқ матнида вилоят туманларида қанчадан пахта қўшиб ёзилганига ҳам аниқлик киритилган:

  • Қумқўрғон туманида — 10 538 тонна;
  • Ангор туманида — 9 488 тонна;
  • Жарқўрғон туманида — 9 183 тонна;
  • Музработ туманида — 8 526 тонна;
  • Денов туманида — 6 111 тонна;
  • Олтинсой туманида — 1 470 тонна;
  • Шўрчи туманида — 1 716 тонна;
  • Қизириқ туманида — 1 477 тонна;
  • Термиз туманида — 1 470 тонна;
  • Сариосиё туманида — 540 тонна;
  • Узун туманида — 539 тонна;
  • Шеробод туманида — 508 тонна;
  • Бандихон туманида — 307 тонна.

Шунингдек, вилоятдаги 535 та фермер хўжаликлари пахта хомашёси тайёрлаш ва топшириш режасини 50 фоизга ҳам бажармагани аён бўлмоқда. Шеробод туманида — 205та, Қизириқ туманида — 166та, Шўрчи туманида — 50та, Бандихон туманида — 37та, Узун туманида — 29та, Денов туманида — 19та, Ангор туманида — 13та, Жарқўрғон туманида — 10та, Музработ ва Олтинсой туманларида 3тадан фермер хўжаликлари амалда режани 50 фоизга ҳам бажара олмаган.

Пахтачилик кластерлари ҳисобланадиган «SHOSHMOXKASHOB» МЧЖ, «Сурхондарё агро хизмат» МЧЖ, «Termiz Jayxun Cluster» МЧЖ, «Surxon sifat Tekstil» МЧЖ, «Инденим Кластер» МЧЖ, «Ангор Сурхон Ғурури» МЧЖ, «Muzrabat Indenim klaster» МЧЖ, «Bandixon Agroxizmat» МЧЖ кабиларнинг ҳисоботларида аслида терилмаган пахта хомашёсини қўшиб ёзишгани ҳам маълум қилинган. Ёғингарчилик кунлари ҳам Сурхондарёнинг пахта «хирмон"ларига хомашё кирим қилингани айтилмоқда.

Сурхондарёдаги туман прокурорларига йўлланган топшириқда қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан прокурор назорати ҳужжатларини қўллаб, амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар ҳақида вилоят прокуратурасига 5 ноябрга қадар ахборот бериш сўралган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси баёнот берди.

«Вилоят прокуратураси томонидан 30.10.2020 йилда туманларга юборилган топшириқ кунлик терим пулларининг тарқатилиши юзасидан тегишли ташкилотлардан олинган таҳлилий маълумотларга таянган ҳолатда тайёрланган бўлиб, ушбу таҳлиллар келгусида пахта ҳисоб-китобларига қўшиб ёзиш салбий ҳолатларининг олдини олиш мақсадида юборилган», — дейилади баёнотда.

Унда, шунингдек, ушбу топшириқ асосида амалга оширилган прокурор назорати натижасида қўшиб ёзиш ҳолатларининг олди олингани айтилмоқда.

«Мазкур топшириқ юборилган вақтда пахта мавсуми давом этаётган бўлиб, якуний ҳисоб-китоблар ҳали тамомланмаган эди. Ҳозирги кунда пахта мавсумида қўшиб ёзиш ҳолатлари бўйича аниқланган ва исботланган ҳолатлар мавжуд эмас», — дея таъкидланган.

Аввалроқ, «Газета.uz» жорий йилда республика бўйича 3 млн 82 минг тонна пахта ҳосили етиштирилгани ҳақида ёзган эди. Унда Сурхондарё вилояти энг паст кўрсаткични қайд этиб, пахта терими режасини 82,3 фоизга бажаргани қайд этилган эди. Бундан ташқари, пахта етиштирувчи 136 та тумандан 104 таси, 97 та пахта-тўқимачилик кластеридан 78 таси, 11 та пахта кооперациясидан 8 таси ҳамда 29 минг та фермер хўжаликларидан 23 мингтаси шартномани бажаргани айтилганди.