Энергетика вазири Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасида Кирилл Альтманга берган интервьюсида «Ўзбекнефтгаз»га ажратилган беғараз 400,9 млрд сўмлик субсидиялар, умуман, тизимдаги муаммолар бўйича фикр билдирди.

Аввалроқ, депутат Дониёр Ғаниев ҳукуматни нефт ва газ дунёда энг сердаромад соҳалардан бири бўлишига қарамасдан, «Ўзбекнефтгаз»га 400,9 млрд сўм миқдорида «қайтарилмас» субсидиялар бергани учун танқид қилган эди. Молия вазири Тимур Ишметов эса «субсидия бериш нефт ва газ соҳасидаги ишларнинг ҳақиқий ҳолатини кўрсатди», деганди. Унинг сўзларига кўра, трансформациясиз давлат корхоналари субсидиялар олишда давом этади ва кредитлар бўйича қарзлар давлат компанияси устав фондига киритилади.

«Нефтгаз соҳаси ҳақида кўп гапириш мумкин. Агар улар раҳбаримизни [президент — таҳр.] яхшилаб тинглашаётган бўлишса, раҳбаримиз нефтгаз соҳаси ростдан ҳам даромадли бизнес, лекин қаерда бўлса ҳам, Ўзбекистонда эмас, дея қайта-қайта таъкидлаган эди. Мен мустақиллик йилларида демайман, балки 30−35 йил давомида барчаси компания ["Ўзбекнефтгаз"] банкрот бўлиши учун қилинган. Узоқ йилар давомида геология қидирувларига маблағ киритилмаган», — дея таъкидлади.

У, шунингдек, «Ўзбекнефтгаз»даги фаолияти ҳақида ҳам гапирди.

«Ўзбекнефтгаз» раиси биринчи ўринбосари сифатида 2013 йилда келганман. Ўша вақтда ўринбосарлардан бири 2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» компанияси банкрот бўлиши акс этган тақдимотни кўрсатди. Нимага? Биласизки, ҳар йили баланс тузилади. Ҳар йили нефтгаз саноати учун қазиб олиш кўрсаткичи пастга тушган баланс қайд этилган. Яъни, балансда аллақачон тушаётган қазиб олиш кўрсаткичи назарда тутилган. Биз нефть ва газдан нима хоҳлаяпмиз? Геологик қидирувларга пул киритилмади. Бу бинони фундаментсиз қуриш демакдир. Геологик қидирув бу асосларнинг асоси ҳисобланади. Геологик қидирув нефть ва газ саноатида яхши ҳолатда 7 йил ичида ёки умуман 10 йилда натижа берадиган соҳа. Бу барча қазиб олиш ва ривожланиш учун фундамент, база ҳисобланади. У ерга маблағ киритишмаган", — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, геологик қидирув билан давлат шуғулланиши — нормал амалиёт. Вазир давлат раҳбари геологик қидирувни Геология давлат қўмитасига ўтказиб бергани, давлат истиқболли ҳудудларни аниқлаши, кейин эса конкурс асосида муайян шартларда ҳар қандай операторга берилишини таъкидлади.

«„Ўзбекнефтгаз“ ўз вақтида „гегемон“, нефтгаз соҳаси бўйича фаолият юритувчи ягона компания бўлган. Унга ҳам вазирлик, ҳам хўжалик субъекти деб қаралган. Биринчи бўлиб, бу функциялар бўлинди ва вазирлик ташкил этилди. Иккинчидан, „Ўзбекнефтгаз“ катталаштирилди. Йирик ва камбағал компаниядан кўра, кичик ва бой компанияга эга бўлган яхши. Шунинг учун фақат ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи сифатида „Ўзбекнфтегаз“ қайта ташкил қилинди. „Ўзтрансгаз“ эса транспорт компанияси, қайсики, келажакда бозор муносабатларига ўтсак, у фақат транспорт хизмаларини кўрсатади. Ва „Ҳудудгазтаъминот“ истиқболда давлат-шериклик ҳамкорлигига ўтказилади, ҳар қандай ҳолатда ҳам у ерга маҳаллий инвесторларни жалб этамиз», — деди Султонов.

Энергетика вазири «Ўзбекнефтгаз» тизимли равишда мавжудлигини тугатиш учун юритиб келинганини айтди. Бундай гигантни оёққа турғазиш ақлбовар иш эмаслигини қайд этди. «Энергия ресурсларисиз ҳеч қандай иқтисодиёт ривожланмайди. Шунинг учун давлат бу компанияни оёққа турғазиш бўйича қарорларни қабул қилмоқда», — деди у.

Кирилл Альтман Султоновга ўша вақтда ўзи шу компанияда раҳбарлик вақтида муаммоларни ҳал этишга имкони бўлган ёки бўлмагани билан қизиқди.

«Ўша вақтда биз тўқнашган ва ҳал этиш зарур бўлган кўплаб бошқа муаммолар ҳам бор эди. Янги тарих вақтида, сўнгги уч-тўрт йилда ташкилот учун революцион қарорлар қабул қилинди. Яъни, муқаддас деб ҳисобланган нарсалар шунчаки… [олиб ташланди — таҳр.] ва қандай бўлиши керак бўлса, шундай қилинди. Ҳозир коррупция ҳолатларини муҳокама қилиш урфга кирган, ҳа, бу ҳам бўлган. Ҳа, бу ҳозирги кунда ҳам бор, биз у билан курашаяпмиз. Қайсидир раҳбар менга „йўқ“ деса ҳам, бу бор. Биз бу билан курашаяпмиз. Муҳими, биз бу ҳақда гапира бошладик. Муҳими, биз буни муҳокама қилишни ва аслида ҳам унга қарши кураша бошладик. Қуйи тизимларда ишлайдиганлар буни тушунтириш жуда қийин, чунки улар шу билан ишлашга одатланиб қолишган. Ўзбеклар „тирикчиликнинг айби йўқ“, дейиши, қанақадир аянчли нарса. Одамлар ўғирлаётганини тушунишмайди. Мен фақат ишчилар ҳақида гапирмаяпман. Мен истеъмолчилар ҳақида ҳам айтаяпман», — деди вазир Алишер Султонов.