30 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Мулоқотда шу йили декабрь ойида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон раислигидаги МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ва Россия президентлари коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор суръат билан ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этишди.

Хусусан, ўзаро ташрифлар фаол амалга оширилмоқда, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва бошқа ҳамкорлик механизмлари унумли ишлаяпти, ўзаро савдо ҳажмлари ортиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича устувор лойиҳалар ҳамда гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилмоқда.

Президентлар халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини муҳокама қилди.