Қашқадарёда аҳолининг мажбурий бадаллардан қарздорлиги 3,5 млрд сўмдан ошгани ва зарур маблағлар ўз вақтида йиғилмаслиги ширкатлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини янада ёмонлашишига олиб келди, дея маълум қилди вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси.

Қайд этилишича, ҳозирда вилоятдаги кўплаб кўп квартирали уйларнинг том ва ертўла қисмлари, комуникация тизимлари, болалар майдончалари ҳамда унга туташ ҳудудлар ширкатлар томонидан узоқ йиллар давомида таъмирланмаган. Ширкатлар аҳоли ишончини йўқотгани туфайли аҳоли томонидан белгиланган мажбурий бадаллар тўловлари тўланмай қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12−13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида қўп квартирали уйларни бошқарув тизимини такомиллаштириш, Тошкент шаҳрининг Юнисобод туманлари тажрибасидан келиб чиқиб, ширкатлар ўрнига бошқарув компанияларини ташкил этиш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жалб этиш бўйича топшириқлар берилган эди. Шу мақсадда аҳоли розилиги билан мавжуд 694 та кўп квартирали уйга хизмат кўрсатаётган 88 та ширкат тугатилиб, 10 та бошқарув сервис компаниясини ташкил этиш режаси ишлаб чиқилди.