Шу йилнинг 24 июль куни соат 23:00 ларда Марҳамат туманида яшовчи фуқаро Н.М. (1999 й.т.), севган йигитини кутиб турган вояга етмаган қизни уяли телефонига расмга олиб, ушбу фотосуратларни унинг ота-онаси ва профилактика инспекторига кўрсатишини айтган.

Бу маълумотлар ошкор бўлишидан қўрққан қиз ўзини осиб, жонига қасд қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141−1-моддаси [Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш] билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура маълум қилишича, 30 ноябрь куни марҳуманинг онаси олиб борилаётган тергов ҳаракатларидан норози бўлиб, Андижон вилоят прокуратурасига боради. Унинг фикрича, қабул жараёнида терговчи томонидан уларнинг талаблари бажарилмагани, қизининг вафотида айбдор бўлган Н.М.дан товон сифатида «Спарк» автомашинаси ундирилмагани ва бундан норози эканини билдиради.

«Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф.Рахманов қабул жараёнида жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган. Шунингдек, «Спарк»ни ундириш тергов органларининг ваколатига кирмаслиги, тергов якуни бўйича барча айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини тушунтиради. Жавобдан қониқмаган фуқаро С.Б. автомашина ундирилмаган тақдирда ўзига ўт ёқиб, жонига қасд қилишини айтиб, вилоят прокуратурасини тарк этган», — дейилади бош прокуратура хабарида.

Вазият кескинлашиши оқибатида Андижон вилоят ИИБ пост-патруль хизмати ходимлари вилоят прокуратурасига чақиртирилган.

Шундан сўнг, шу куннинг ўзидаёқ, таҳминан 13:20 да марҳуманинг онаси вилоят прокуратураси автомашиналар тураргохида бақириб, бошқа шахсларни ўзига жалб қила бошлаган. Турмуш ўртоғидан бир литрли идишда бензин ҳамда гугуртни олиб, ўзининг елкасига қуйган. Турмуш ўртоғи ўзини ёқиши ва вилоят прокуратураси биноси ичига югуриб кириб кетиши ҳақида кўрсатма бергач, аёл ўзига ўт қўйиб ёқиб юборган.

Бу пайт воқеалар ривожини кузатиб турган пост-патруль хизмати ходимлари унинг эгнида ёнаётган кийимлари ечиб олиб, ёрдам кўрсатишган. Маълум бўлишича, айни вақтда аёлнинг юзи, қўллари, бўйин ва кўкрак қафаси соҳалари жами танасининг 15 фоиз қисми куйиш ташхиси билан шифохонага жойлаштирилди.

Мазкур ҳолат бўйича Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.