2021 йил 1 мартдан икки қаватдан юқори (цоколсиз) иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳолда амалга оширилади. Қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021−2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги президент фармонида бу ҳақда сўз боради.

Фармонда қуйидагилар назарда тутилган:

-2025 йил охирига бориб «Бизнес юритиш» халқаро индексида (Doing Business Index) «қурилишга рухсатномалар олиш» (Dealing with Construction Permits) йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг позициясини жорий 61,7 баллдан 78,2 баллгача яхшилаш;

-2025 йилга бориб шаҳарларнинг барчасини ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олишга эришиш;

-2025 йилга бориб «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими доирасида қўшимча тўртта электрон платформа яратиш.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан:
● аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади;
● аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат экспертизасини амалга ошириш механизми жорий этилади;
● аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоат назорати субъектларининг ташаббусига кўра аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш ёки унга ўзгартириш (тузатиш) киритиш механизми жорий этилади;
● аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамасини ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.

2021 йил 1 мартдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 сентябргача фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи «Огоҳ фуқаро» электрон тизими яратилади.