Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ва Тошкентдаги бир қатор хорижий элчилар Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан мустақил онлайн ОАВларга юорилган огоҳлантиришлар ҳақидаги хабарларга муносабат билдиришди.

Биз аввал ёзганимиздек, «Газета.uz», Daryo.uz, Podrobno.uz нашрлари коронавирус статистикаси бўйича саволларга жавоб бергани ва уларнинг материалларида расмий тушунтиришлар бермаганлиги учун, Kun.uz эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг газ ва электр таъминоти билан муаммолар тўғрисида шарҳларини эълон қилганликлари учун огоҳлантирилди. АОКА ушбу ҳолатларда қонун талабларига жавоб бермайдиган маълумотлар тарқатилганлигини таъкидлаган.

Хелена Фрейзер Тwitterдаги иккита постида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг май ойида бўлиб ўтган Матбуот эркинлиги куни шарафига «фактлар ва таҳлилий маълумотлар тақдим этгани, раҳбарларнинг барча соҳаларда жавобгарлигини таъминлагани ва расмийларга ҳақиқатни гапиргани учун» ОАВга миннатдорчилик билдирган сўзларини эслатди.

У барча ҳукуматларни «оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилишга ва матбуот эркинликларини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлашга» чақирган эди, бу COVID-19 инқирози атрофидаги «сохта маълумотлар пандемияси»га «қарши восита» бўлиб хизмат қилади.

«Мен ушбу масалалар ва ушбу баёнот ҳақида [Kun.uz, Газета.uz] ва бошқа оммавий ахборот воситалари атрофидаги сўнгги воқеаларни инобатга олган ҳолда мулоҳаза юритяпман. Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, матбуот эркинлиги барқарор ривожланишга эришиш ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга ошириш учун жуда муҳимдир», — деди Хелена Фрейзер.

АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниель Розенблюм: «Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг мустақил оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш билан боғлиқ сўнгги ҳаракатларидан кўнглим қолди» деб ёзган.

«Ўзбекистоннинг улкан ислоҳотлари муваффақиятга эришиш учун эркин ва очиқ матбуотга муҳтож. АОКА босими бунга тўғри келмайди», — деди у.

«АОКА яқинда оммавий ахборот воситаларининг ривожланишини қўллаб-қувватлашга бўлган муносабатини ўзгартирганлигини кўриш ачинарли. Кучли, эркин оммавий ахборот воситаларисиз демократик жамият қуриб бўлмайди», — деб ёзган Буюк Британия элчиси Тим Торлот.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг ўзбек тилидаги бир қатор твитларида элчи Гюнтер Оверфелд «Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Kun.uz, „Газета.uz“ ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг танқидидан ҳайратга тушгани» айтилмоқда.

«Агар матбуотда газ ва электр таъминоти хизматларининг ёмон ишлашини жамоатчилик танқид қилса, бу асосли бўлса, матбуот бу ҳақда ёзишга ҳақлидир. Бу давлат агентлиги томонидан оммавий ахборот воситаларини танқид қилиш учун сабаб эмас. Матбуот ўз вазифасини фақат жамоат муҳокамаларида бажарди», — дейилади элчи муносабатида.