Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига жисмоний шахсларни нафақат паспортлар, балки янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари билан ҳам идентификациялашга рухсат берди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Марказий банк қарорида қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июндаги қарори билан янги ҳайдовчилик гувоҳномаси шахсни тасдиқловчи расмий ҳужжатларга тенглаштирилган. Ҳукуматнинг 2020 йил 22 майдаги яна бир қарори билан эса фуқарони доимий яшаш жойига рўйхатдан ўтказишда паспортларда, уй дафтарчаларида ёки карточкаларида рўйхатдан ўтиш муҳрларидан фойдаланиш амалиёти бекор қилинди.

Банк мижози бўлган жисмоний шахс янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки муҳрсиз паспорт тақдим қилганда, тижорат банклари идоралараро платформа орқали қўшимча маълумотларни олишлари мумкин.