Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жума куни бирқатор интернет нашрларининг АОКА томонидан огоҳлантирилгани ҳақидаги баёнотлари юзасидан расмий изоҳ берди. «Газета.uz», Kun.uz, Daryo.uz, Podrobno.uz ва Repost.uz 20−22 ноябрь саналарида имзоланган огоҳлантиришлар олган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» президент матбуот хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари асосида шифохоналарда даволанаётган COVID-беморлари сони бўйича статистик маълумотлар ўртасидаги номувофиқлик тўғрисидаги хабарни эълон қилгани учун огоҳлантирилган эди. Огоҳлантиришдан сўнг «Газета.uz» оддий хабарни бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблашини маълум қилди.

Daryo.uz АОКАнинг худди шу статистика бўйича йўллаган хатига муносабат билдирар экан, «келаси сафар Президент матбуот хизмати тарқатган ахборотни имкон доирасида тўла текширишга, хатоси бўлса, тузатишга уринамиз, албатта», деб ёзди. Шунингдек, Daryo.uz «Қашқадарёда яшил рангга бўялаётган чим» номли хабари учун ҳам огоҳлантириш олгани маълум қилинди.

Kun.uz нашрига юборилган огоҳлантириш эса бошқа масалада бўлган. Нашр сўнгги ҳафталарнинг энг долзарб мавзуларидан бўлган газ ва электр таъминотидаги муаммолар бўйича фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тўплаган эди. Kun.uz АОКА хатини журналистик фаолиятга босим сифатида баҳолаб, журналистлар билан кураш ўрнига эътиборни мамлакатдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратишга чақирди.

АОКА ўз баёнотида сўз ва ОАВ эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланиши, АОКА ўз ваколатлари доирасида бугунги кунда «тўртинчи ҳокимият» ролини ҳақли равишда бажаришга киришаётган оммавий ахборот воситалари манфаатларини доимо қўллаб-қувватлаган ва қувватлашда давом этишини маълум қилди.

«Бироқ кейинги пайтларда, айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда тасдиқланмаган ахборотларни чоп этиш кузатилмоқда», — дейилади баёнотда.

Агентлик маълумотларига кўра, айрим ОАВда динлараро низо келтириб чиқариш (Effect.uz, Hordiq.uz), порнография ва зўравонликни тарғиб қилиш (Nova24.uz) каби тақиқланган контентни тарқатиш ҳолатлари аниқланган.

Агентликнинг қайд этишича, ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шу боис аниқланган қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан огоҳлантириш, кўрсатма ва тақдимномалар бериш ваколатига эга.

Хусусан, 20−23 ноябрь кунлари оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган Kun.uz, Daryo.uz, Газета.uz, Podrobno.uz, Repost.uz веб-сайтларига амалдаги қонунчилик талабларига мос келмайдиган ахборотларни тарқатиш ҳолатлари бўйича огоҳлантириш хатлари юборилгани шулар жумласидан, дейилади баёнотда.

Масалан, «Kun.uz» сайтида ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчиларининг турли шарҳлари, ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилган.

«17 ноябрь куни Газета.uz, Daryo.uz, Podrobno.uz, Repost.uz веб-сайтларида жойлаштирилган материалларда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган ва ушбу масала юзасидан расмий изоҳлар тақдим этилмаган», дейилади баёнотда.

Шундан сўнг АОКА давлат органларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш учун март ойидан буён агентликнинг ўзида 700 дан ортиқ матбуот анжумани ва брифинглар ташкил қилинганини келтириб ўтди. АОКА пресс-холи ҳамда Ўзбекистон миллий матбуот марказида яна 100 дан зиёд матбуот анжуманлари ҳамда 80 дан ортиқ пресс-турлар ўтказилгани айтилди.

Ноябрь-декабрь ойларида ҳар бир ҳудудда 120−150 тагача турли кўринишдаги матбуот тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси ОАВнинг зарур ахборотни биринчи манбадан монеликсиз олишига имкон беради.

Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида «Диалог майдончаси» фаолияти йўлга қўйилаётгани яна бир муҳим қадамлардан биридир. Бу лойиҳа оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар ва кўмак беришга йўналтирилган.

Агентлик журналист ва блогерларга давлат органларининг ОАВ билан конструктив ва очиқ мулоқотда бўлишлари учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожланишини таъминлашни кафолатлайди, дейилади баёнотда.