Ўзбекистон Жиноят кодекси 202−1-модда билан тўлдирилиши мумкин. Бош прокуратура мазкур модда орқали ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф этмоқда. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ушбу моддага биноан, ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уни қийнаш унинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ўша қилмишлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб тарқатган ҳолда содир этилган бўлса, икки ёки ундан ортиқ ҳайвонларга нисбатан ёки вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёхуд қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига мувофиқ чора кўрилади. Унга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш — ЭКИҲнинг 1 барваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2019 йилда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги отилган ит эгаси ва уни ўлдирган шахс ЭКИҲнинг 2 баравари, жараённи видеога олган шахс эса ЭКИҲнинг 50 баравари миқдорида жаримага тортилган эди.