Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг биринчи ва собиқ раҳбари Комил Алламжонов шахсий Телеграм-каналида АОКА ҳамда қатор интернет нашрлари ўртасида кечаётган баҳс юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Алламжонов ўз муносабатида АОКАнинг ташкил этилишидан кўзланган мақсадларга тўхталиб ўтар экан, бугунги давр матбуотини янги туғилган чақалоққа, янги ташкил этилган агентликни эса уни оёққа туриб, юриб кетиши учун кўмак берадиган ва ҳимоялайдиган энагага ўхшатди.

Комил Алламжонов ўз фикрини давом эттириб, журналист ёки блогерлар томонидан қонунлар бузилса ҳам, хатолар бўлса ҳам кўз юмиб турилгани, матбуот жонланиб олиши учун тарғиб қилинганини таъкидлади.

«Орадан мана 4 йил вақт ўтди. Урилиб, сурилиб, гоҳида қашқа бўлиб, гоҳида ғурра, безори болалар билан уришиб, талашиб, матбуот анча етилиб, тишлари чиқиб, кўчада бемалол юра бошлади. Буни кузатиб турган энага ҳам секин аста ўзини орқага тортди. Бир сўз билан айтганда улар чинакам ҳаётга учирма қилинди. Энди минбардан туриб, сизни ҳимоя қиламиз, бизнинг ҳимоямиздасиз дейдиган гаплар даври ўтди», — деб ёзди у.

АОКАнинг собиқ раҳбари энди ҳар бир журналист ва блогер аввало ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган даражада бўлиши кераклиги, қонунларни яхши билиши, журналистика этикаларига риоя қилиб ишлаши кераклигига урғу берди.

«Аслида бу соҳада ҳам тартиб бўлиши шарт. Бу жуда муҳим. Ана ўшандагина журналистнинг тили узун, боши мағрур бўлади. (Вазият кўрсатяптики, спрос бошланди)», — дея қайд этди Комил Алламжонов.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўтётган ҳафта давомида АОКА ва бир қатор интернет нашрлари ўртасида кечган баҳсга ишора қилган ҳолда «матбуот гапини айта оладиган, ҳар қандай унга нисбатан огоҳлантиришларга муносабат, эътироз билдира оладиган, очиқ баҳслаша оладиган даврга ҳам етиб келди», — деди.

«Бу аслида Президент бошчилигида яратилган сўз эркинлиги концепциясининг амалда ишлаётгани белгиси бўлади. Сўз эркин бўлдики босим бўляпти дея оляпсиз, сизга эътироз билдирган давлат ташкилотига фикрингизни бемалол тенгма тенг айта оляпсиз. Бошингизга бир уриб мана сенга хат жим ўтир дейдиган даврлар ўтганидан дарак бу. Албатта қийинчиликлар кўп, лекин ким айтувди осон бўлади деб? Ушбу даражага етиб келишда бизга ҳам ўзи учун туриб бера олиш сизга ҳам осон эмас. Шунинг учун ҳам биз айнан шу сафар жим ўтирдик, кузатдик ва изоҳ бермадик. Баҳслар, тортишувлар фақат ривожлантиради давлатни».

Комил Алламжонов ҳамкасбларига қарата «қўлингизни туширманг… Биз тўғри йўлдамиз. Энг асосийси билингки, ушбу жараёнга тўсиқ ёки қаршиликлар бўлиши мумкин, лекин бу фойдасиз. Катта ғилдирак жойидан қўзғалиб юриб бўлди. Энди у тўхтамайди. Чунки ушбу ислоҳотнинг концепцияси жуда пухта яратилган!» — деди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz», Kun.uz, Daryo.uz, Podrobno.uz ва Repost.uz 20−22 ноябрь саналарида АОКА раҳбари Асаджон Хўжаев томонидан имзоланган огоҳлантиришлар олган эди. Хусусан, «Газета.uz» президент матбуот хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари асосида шифохоналарда даволанаётган COVID-беморлари сони бўйича статистик маълумотлар ўртасидаги номувофиқлик тўғрисидаги хабарни эълон қилгани учун огоҳлантирилди. Огоҳлантиришдан сўнг «Газета.uz» оддий хабарни бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблашини маълум қилди.

Daryo.uz АОКАнинг худди шу статистика бўйича йўллаган хатига муносабат билдирар экан, «келаси сафар Президент матбуот хизмати тарқатган ахборотни имкон доирасида тўла текширишга, хатоси бўлса, тузатишга уринамиз, албатта», деб ёзди. Шунингдек, Daryo.uz «Қашқадарёда яшил рангга бўялаётган чим» номли хабари учун ҳам огоҳлантириш олгани маълум қилинди.

Kun.uz нашрига юборилган огоҳлантириш эса бошқа масалада бўлган. Нашр сўнгги ҳафталарнинг энг долзарб мавзуларидан бўлган газ ва электр таъминотидаги муаммолар бўйича фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тўплаган эди. Kun.uz АОКА хатини журналистик фаолиятга босим сифатида баҳолаб, журналистлар билан кураш ўрнига эътиборни мамлакатдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратишга чақирди.