Жорий йилнинг бошида биз ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) рўйхатдан ўтказишда сунъий тўсиқлар ва қаршиликлар тўғрисида мақола нашр этгандик. Бунга жавобан Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтишда муаммоларга дуч келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари номларини аниқлаштиришни сўради. Биз ташаббускор гуруҳларнинг аниқ иккита мисолини тақдим этдик — «Олтин қанот» ёш волонтёрлар маркази ва «Инклюзив ҳаёт» ногиронлар жамоат бирлашмаси.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ташаббускор гуруҳи 12 марта рад жавобини олганидан сўнг «Инклюзив ҳаёт» ННТ 28 сентябрь куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Бироқ, «Олтин қанот» ёш волонтёрлар марказини ташкил этишга ҳаракат қилаётган бир гуруҳ ёш фаоллар 2018 йил октябрь ойидан буён Тошкент шаҳар Адлия бошқармасидан ўн саккиз марта рад жавоб хатини олди. Қуйида рад жавобларининг янгиланган хронологияси ҳамда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўрсатилган сабаблар келтирилган.

Рад жавобининг рақами

Рад қилинган жавоб хатининг санаси ва рақами

ННТни рўйхатдан ўтказишда рад қилинишининг сабаблари

1

2018 йил,
22 ноябрь, №5−3007

Белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги тақдим этилган аризага илова қилинмаган, шунингдек, Устав ҳужжатга тикилмаган.

2

2018 йил,
27 декабрь, №5−3391/6

ННТни ташкил этиш тўғрисидаги умумий йиғилиш баённомаси ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага (жамоат бирлашмаси учун рўйхатдан ўтказувчи органга умумий йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб бир ой ичида тақдим этилади) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарорининг 13-бандида кўрсатилган баъзи ҳужжатларга илова қилинмаган.

3

2019 йил,
15 февраль, №5−6/878

Ташаббускор фуқаролар рўйхатидаги имзолар ва маълумотлар яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойида тасдиқланмаган ва нодавлат нотижорат ташкилотни ташкил этиш бўйича умумий йиғилиш у ўтказилган кундан бошлаб 1 ойлик муддатни бузган ҳолда ўтказилган. Низомда «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ маблағларни шакллантириш манбалари, ННТ ва унинг таркибий бўлинмаларининг мулкни бошқариш ҳуқуқлари кўрсатилмаган.

4

2019 йил,
9 апрель,
№5−4/68

Аризада ташкилотнинг бошқарув органининг номи кўрсатилмаган. Уставнинг 1.5-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган жамоат бирлашмасининг давлат тилида тўлиқ расмий номи ёзилган думалоқ муҳри, штампи, фирма бланкалари ва ўз рамзи бўлиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ, ушбу банд нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди 2-қисмига зид.

5

2019 йил,
24 май,
№5−4/94

Уставнинг 5.8-бандида 4.4-бандга асосан аъзоликдан чиқарилиши кўрсатилган бўлсада, ушбу уставда 4.4-банди мавжуд эмас. ННТ уставининг 6-бобида «Бирлашманинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари» белгиланган, аммо таркибий бўлинмалар мулкини бошқариш ҳуқуқлари кўрсатилмаган.

6

2019 йил,
3 июль,
№5−4/111

Уставнинг 5.8-бандида 4.2-бандга асосан аъзоликдан чиқарилиш кўрсатилган. Бироқ 4.2-бандда аъзоликдан маҳрум бўлиш шартлари ва тартиби кўрсатилмаган.

7

2019 йил,
9 август,
№5−4/127

ННТ уставининг 5.8-бандида уставнинг 5.7-бандига асосан аъзоликдан чиқарилиши кўрсатилган. Бироқ, 5.7-бандида аъзоликдан маҳрум бўлиш шартлари ва тартиби кўрсатилмаган.

8

2019 йил,
16 сентябрь,
№5−4/152

«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига биноан ННТ Уставида аъзоликни йўқотиш шартлари кўрсатилмаган.

9

2019 йил,
21 ноябрь,
№ 5−4/170

ННТ Уставининг 3.3.1-бандига биноан, камида 5 кишидан иборат Кенгаш аъзолари умумий йиғилиш аъзоларининг кўпчилик овози билан 5 йил муддатга сайланади. Кенгаш раиси бир вақтнинг ўзида Ассоциация раиси ҳисобланмаслиги белгиланган. Аммо, 3.3.2-бандга биноан, Кенгаш қарорлари қабул қилинишида овозлар тенг келганда, Ассоциация раиси ҳал қилувчи овозга эга эканлиги белгиланган, демак, ушбу бандлар ўзаро бир-бирига зидлигини англатади.

10

2019 йил,
28 декабрь,
№5−4/187

ННТ Уставининг 3.3.1-бандига биноан, камида 5 кишидан иборат Кенгаш аъзолари умумий йиғилиш аъзоларининг кўпчилик овози билан 5 йил муддатга сайланади. Кенгаш раиси бир вақтнинг ўзида Ассоциация раиси ҳисобланмаслиги белгиланган. Бироқ, Кенгаш раисини сайлаш тартиби кўрсатилмаган.

11

2020 йил,
10 февраль,
№5−4/5

«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида» ги қонуннинг 15, 22, 17-моддаларига кўра, нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли ҳужжатлар, шу жумладан таъсис конференцияси (съезди) ёки умумий йиғилишининг баённомаси ёки таъсисчининг қарори (бошқарув органлари ва бошқа органларнинг тузилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилган) ва ҳажми бошқарув органларининг ваколатлари ва уларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколат муддати. Бироқ, таъсисчилар умумий йиғилишининг баённомасида ташкилотнинг бошқарув органлари тузилиши тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас.

12

2020 йил,
4 март,
№5−4/12

Жорий йилнинг 10 февралдаги 5−4/5-сонли жавоб хатида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги сабабли, рўйхатдан ўтказишда рад этилди.

13

2020 йил,
16 март,
№5−4/15

5−4/12-сонли жавоб хатида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги сабабли, рўйхатдан ўтказишда рад этилди.

14

2020 йил,
30 апрель,
№5−4/33

Жорий йилнинг 16 мартдаги 5−4/15-сонли жавоб хатида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги сабабли, рўйхатдан ўтказишда рад этилди.

15

2020 йил,
30 апрель,
№5−4/33, №5−4/52

Жорий йил 10 февралдаги 5−4/12, 4 мартдаги 5−4/12, 16 мартдаги 5−4/15 ва 30 апрелдаги 5−4/33-сонли жавоб хатларида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги сабабли, рўйхатдан ўтказишда рад этилди.

16

2020 йил,
15 июль,
№5−4/53

Ташкилотнинг Умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган Уставда такрорланишлар аниқланди. Ташкилот Устави 3.3.3-бандининг 2 ва 12-кичик бандлари бир-бирига қисман мос келади. Бу, шунингдек, Ташкилот Устави 4.1-бандининг 2 ва 14-кичик бандларига ва 6 ва 16-кичик бандларига тааллуқлидир. Шу билан бирга, ташкилот Уставининг матни орфографик ва стилистик хато ва камчиликлар билан қабул қилинди. Юқоридагилар туфайли рўйхатдан ўтказиш рад этилди.

17

2020 йил,
10 сентябрь,
№5−4/80, №5−4/84

Тошкент шаҳар адлия бошқармасига тақдим этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари Низоми 3.2.1-бандига мувофиқ Умумий йиғилиш 5 йилда бир марта ўтказилади. Навбатдан ташқари умумий йиғилишлар Ассоциация Кенгаши ёки Тафтиш комиссиясининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин. Навбатдан ташқариумумий йиғилишни чақириш таклифи умумий йиғилишга тайёргарлик кўриш учун зарурий вақтни ҳисобга олиб, йиғилиш санаси ва кўриладиган масалалар кўрсатилган ҳолда уюшма раисига ёзма равишда тақдим қилиниши керак.

Навбатдан ташқари чақирилган умумий йиғилиш чақириш тўғрисидаги таклифда кўрсатилган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай ўтказилади. Умумий йиғилиш қарорлари очиқ ёки ёпиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг келган ҳолда ҳал қилувчи овоз бирлашма раисининг деб ҳисобланган. Бироқ, умумий йиғилишда ким иштирок этиши ва овоз бериши кераклиги кўрсатилмаган. Шу муносабат билан рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги мурожаат рад этилди.

18

2020 йил,
22 октябрь,
№5−4/105,
№5−4/107

Тошкент шаҳар адлия бошқармасига тақдим этилган ННТ Уставининг 11.3-бандида Уставда назарда тутилмаган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши кўрсатилган қоида Уставнинг 12.1-бандида ҳам такрорланишига йўл қўйилган. Шу муносабат билан рўйхатдан ўтказиш рад этилди.

Рўйхатдан ўтказувчи орган таъсис ҳужжатларидаги камчиликларнинг ҳаммасини санаб ўтиш имкониятига эга бўлганми? Агар 1-сонли рад жавобининг сабаби банк тўлов ҳужжати илова қилинмаганлиги ва 2-сонли рад жавобининг сабаби умумий йиғилиш баённомаси илова қилинмаганлиги бўлса, Низомдаги кейинги камчиликлар босқичма-босқич аниқланган. Ариза берувчи низомда топилган камчиликларни бартараф этганидан сўнг, шаҳар адлия бошқармаси янгидан янги камчиликларни кўрсатади, ваҳоланки, рўйхатдан ўтказишда биринчи бор тақдим этилган рад жавобида барчасини кўрсатиш мумкин бўлган.

Бу каби амалиёт юридик фанлари номзоди Леонид Хван томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишга нисбатан батафсил таҳлил қилинган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги Қонун низомини очиқдан-очиқ бузмоқда.

Адлия органларининг бундай муносабати илк бор волонтёрлик ташкилоти — қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган ва волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида кўрсатилган «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида"ги қонунни амалга тадбиқ қилишда тўсқинлик қилади. Бошқача қилиб айтганда, волонтёрлик ташкилоти ННТ мақомида рўйхатдан ўтмагунча, у ташкил этилган деб ҳисобланмайди.

Тошкент шаҳар адлия бошқармасидан келиб тушган 18 та рад жавобининг хронологиясидан кўриниб турибдики, волонтёрлик ташкилоти очиш амалда ниҳоятда машаққатли юмушдир. Адлия вазирлиги раҳбариятига савол: агар волонтёрлик ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш шу қадар қийин бўлса, волонтёрликни қандай ривожлантирамиз?

«Volontyorlik», «volontyorlik tashkiloti» ёки «volontyor» (шу жумладан, кирилл ёзувидаги сўзлар) калит сўзларидан фойдаланган ҳолда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг бўлинмаларининг очиқ реестрида маълумот излаш ҳеч қандай натижа бермади. Бу бугунги кунгача биронта нодавлат нотижорат ташкилоти волонтёрлик ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказилмаган деган хавотирни кучайтиради.

Сирли экспертиза

ННТларни рўйхатдан ўтказиш жараёни ёшлар ташаббускор гуруҳининг ҳафсаласини пир қилдириш ва охир-оқибат ўз ғояларидан воз кечиш учун мўлжалланган деган таассурот уйғотади. Аммо, «Олтин қанот» ёш волонтёрлар марказининг ташаббускорларидан бири бўлган Ўзбекистон Миллий университети «Ижтимоий соҳа» йўналиши бўйича талабаси Санатбек Музаффаров таслим бўлмаяпти:

«Икки йил ўтгач ҳам бизнинг ташкилотимизни барибир рўйхатдан ўтказишмади. Аммо биз МЧЖ мақомидаги Волонтёрлар академиясини ташкил этдик. Яқинда биз ННТни рўйхатдан ўтказиш учун йигирма учинчи марта таъсис ҳужжатларини топширдик. Охирги марта ҳужжатларни топширганимда, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ходими мени четга олиб, тўрт-бешта ташкилотдан розилик олганини ва ҳанузгача икки-учта ташкилотдан жавоб кутаётганини айтиб, бошқа бу масалада мурожаат қилмаслигимни сўради. Бизга агар ушбу ташкилотлар ижобий жавоб берса ва ҳужжатлар экспертизадан ўтса, бизнинг нодавлат нотижорат ташкилотимиз рўйхатдан ўтказилишини айтишди. Акс ҳолда, ташкилотни рўйхатдан ўтказишнинг имкони бўлмайди. Аммо биз таслим бўлмаймиз ва ҳужжат топширишда давом этамиз».

Санатбекнинг таъкидлашича, ННТни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида жорий йилнинг 15 июнь, 19 август, 30 сентябрь ва 16 октябрдаги тўртта мурожаатига шаҳар адлия бўлимидан ёзма жавоб берилмаган. Сўнгги марта 9 ноябрда улар ҳужжат топширишган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарорининг 19-бандига биноан, «рўйхатдан ўтказувчи орган, зарурат бўлганда, тегишли ташкилотларга ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш учун юборишга ҳақлидир». Бундай «эксперитизалар»ни ўтказиш ҳуқуқига эга ташкилотлар рўйхати ошкор қилинмайди. Қарорга асосан бундай ташкилотлар 20 кун ичида ўз хулосаларини билдиришлари шарт.

Шу билан бирга, номаълум эксперт ташкилотларининг хулосасида нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса бўлиши мумкин ва бу ҳолда ташкилот ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 24-бандининг 2−10-абзацларида назарда тутилган ҳолатлар доирасида ўз хулосасини асослаши шарт. Бироқ, «Олтин Қанот» нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказиш бўйича ташаббус гуруҳига учинчи ташкилотларнинг экспертизалари билан танишиш имконияти берилмаяпти.

Таққослаш учун қизиқарли факт — Олмазор тумани Давлат хизматлари марказида «Волонтерлар академияси» МЧЖни рўйхатдан ўтказиш учун атиги бир соат вақт кетди; ташкилот биринчи мартанинг ўзида таъсис ҳужжатлари топширилганда дарҳол рўйхатдан ўтказилди.

«Марказ ходимининг ўзи бизнинг маълумотларимизни МЧЖ уставининг тайёр шаблонига киритди ва ҳеч қандай ҳужжатларни талаб қилмади», — дейди Санатбек Музаффаров.

Парадокс шундаки, ёшлар ихтиёрий равишда ижтимоий йўналтирилган ва ижтимоий манфаатли фаолиятни беғараз фаолият асосда амалга оширишни хоҳлашларига қарамай, уларга тўсқинлик қилинмоқда, бизнес ва тадбиркорлик фаолияти учун эса барча йўллар очиқ.

Тун якунида кун ёриши кўринмаяпти

«Олтин қанот» нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказиш жараёни нима учун бу қадар чўзилмоқда? «Эксперт ташкилотлари»дан бири рад этиш учун расмий равишда қабул қилинган сабабларга мос бўлмаган ННТни рўйхатдан ўтказишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берган бўлиши мумкинми?

Биз фақат тахмин қилишимиз мумкин, чунки ташаббускор гуруҳга келишишнинг аниқ муддати тўғрисида, рўйхатдан ўтказувчи органнинг тегишли номаълум ташкилотлар билан учрашувлари ва музокаралари протоколлари тўғрисида маълумот берилмайди, бу эса ННТларни рўйхатдан ўтказишнинг бутун жараёнини шаффоф қилмайди.

Волонтёрлар гуруҳининг мотивацияси ННТ рўйхатдан ўтказиш учун узоқ давом этган курашга тушиб қолиши хафа қиладиган ҳолат. Ёшлар ташаббусларини ҳар томондан қўллаб-қувватлаш ўрнига шаҳар адлия бошқармаси рўйхатдан ўтказишни қайта ва қайта рад этяпти.

Албатта, ушбу аниқ ҳолатга асосланиб, Ўзбекистондаги барча ташаббускор гуруҳлар бундай тўсиқларга дуч келмоқда, деб айтиш мумкин эмас. Шунга қарамай, рўйхатдан ўтиш тизими ва тартиби ҳамма учун бир хил, аммо нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишда қандай мезон асосида қарор қабул қилиниши аниқ эмас. Масалан, нима учун «Инклюзив ҳаёт» ННТ ҳужжатларни ўн учинчи марта топширилганда рўйхатдан ўтдию, аммо «Олтин қанот» ННТ ҳанузгача кутилаётган ёруғликни кўрмаяпти?

Барча умид ННТлар тўғрисидаги янги кодексдан

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига 2020 йил 1 февралгача тақдим этилиши керак эди. Январь ойи охирида Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Маслаҳат кенгаши аъзоси, юридик фанлари номзоди Сайёра Ходжаева Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган кодекснинг асл нусхаси шошилинч тарзда ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокисиз тайёрланганлигини таъкидлаган эди.

«Европанинг кўплаб мамлакатларида бир киши уч кун ичида ҳеч қандай тўсиқларсиз нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Бизда эса таъсисчилар камида 10 кишидан иборат бўлиши керак ва рўйхатдан ўтказиш жараёни бир ой давом этади. Янги кодексда биз таъсисчилар сонини камида беш кишига, рўйхатдан ўтказиш муддатини эса 10 кунгача қисқартиришни таклиф қилдик, аммо бизни эшитишмади» — Сайёра Ходжаева январь ойида шундай деган эди.

Ўшанда фуқаролик фаоллари Адлия вазирлиги томонидан таклиф қилинган нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасидан ниҳоятда норозилигини билдирдилар ва муқобил ҳужжатларини ишлаб чиқишга киришдилар. Ташаббускор ННТ вакиллари иштирокида бир нечта мустақил гуруҳлар ташкил этилди. Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази ва Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш марказининг Фарғона филиали билан биргаликда ННТ тўғрисидаги кодекс бўйича ўз версиясини тайёрлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, 50 дан ортиқ ўз ташаббуси билан фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва халқаро экспертлар иштирокида, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги муқобил кодекс (матн ўзбек ва рус тилларида) ишлаб чиқилди. Кодекснинг муқобил версиялари парламентга юборилди. Ассоциация раиси, ҳуқуқшунос Ойбек Исоқов нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш жараёни билан боғлиқ қуйидаги қоидаларни киритишни таклиф қилди.

«ННТни рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлар топширилган кундан бошлаб, хабардор этиш тартибида 7 иш куни ичида электрон шаклда амалга оширилиши керак. Юридик мақомга эга ва эга бўлмаган ҳолда ННТлар ташкил қилиш ҳуқуқини бериш керак. Шу билан бирга, ўз фаолиятини юридик мақом билан амалга оширмоқчи бўлган ННТларни рўйхатдан ўтказиш зарур. Кодекснинг биз таклиф қилган наъмунасида ННТларни рўйхатдан ўтказиш функциясини Давлат хизматлари агентлигига ўтказишни таклиф қилдик, бунда ННТлар бир вақтнинг ўзида солиқ хизмати ва статистика органларида рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади».

ННТлар тўғрисидаги муқобил кодексни ишлаб чиқувчилар «ҳужжат матнидаги грамматик, услубий ва бошқа техник хатолар, шунингдек дизайндаги техник нуқсонлар сабабли рўйхатдан ўтказишни рад этиш, рўйхатдан ўтказишни чўзиш ёки кейинга қолдириш»ни тақиқлашни таклиф қилишмоқда. Агар рўйхатга олувчи орган таъсис ҳужжатларини тайёрлашда хатолар ва техник камчиликларни аниқласа, унда мурожаат этувчига рўйхатдан ўтказувчи орган ходимлари ёрдами билан камчиликларни улар аниқланган кундан бошлаб уч кун ичида бартараф этиш имконияти берилиши керак.

Бироқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълумотларига кўра, «нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) кодексларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича ваъдалар бажарилмасдан келинмоқда». Фуқаролик фаоллари томонидан тайёрланган ННТлар бўйича муқобил кодекслар Адлия вазирлиги ва Президент администрациясига юборилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да 2020 йил 1 августга қадар ННТлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси бўйича ишлар якунланиши кўзда тутилган эди. Аммо Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекснинг якуний лойиҳасини ҳали ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида эълон қилгани йўқ.

«Ривожланиш стратегияси» марказининг ижрочи директори Элдор Туляков, COVID-19 пандемияси сабабли ННТлар тўғрисидаги кодекс ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш кечиктирилганини маълум қилган эди.

Агар «Олтин қанот» ёшлар маркази пандемиядан олдин рўйхатдан ўтказилганида, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун қанча ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириши мумкин эди? Ахир, тадбир ёки акция ўтказиш учун расмий равишда рўйхатдан ўтган бирлашма бўлиши керак.

ННТларни рўйхатдан ўтказишдаги муаммолар билан бир қаторда, фуқаролик жамиятини ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳам ҳал қилинмай қоляпти. Расмийларнинг 2020 йил мартигача Тошкентда «ННТлар уйи» очишга ваъда берганига қарамай, йил охиригача бу ҳақда ҳали расмий маълумот йўқ. Президент фармонига биноан, бундай «уйлар» 2019 йилнинг 1 январига қадар мамлакатнинг ҳар бир вилоятида бўш ва самарасиз фойдаланилаётган давлат мулки объектлари негизида яратилиши керак эди.

Жамоатчилик палатаси тузилмаси ҳали шаклланмаган, у манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой ичида унинг аппарати тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиши ва Президент Администрациясига тақдим этиши, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоат палатаси тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак эди. Афсуски, 2020 йил 16 апрелда Президент фармони имзоланганидан етти ойдан кўпроқ вақт ўтишига қарамай, Жамоатчилик палатасини яратиш учун ҳеч бир ҳаракат амалга оширилмади.

Муаллифнинг фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия), Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти