Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) электрон нашрларга «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» тўғрисида огоҳлантиришлар юбормоқда. Ҳозирга қадар учта етакчи нашрлар ташкилот раҳбари Асаджон Хўжаев имзоси билан «муждалар» олганини эълон қилди. Бир ОАВ — Kun.uz ижтимоий тармоқларда аҳолининг электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар сабаб «қалб фарёдларини» чоп қилгани учун огоҳлантириш олди.

Бошқа иккитаси — «Газета.uz» ва Podrobno.uz эса коронавирус билан оғриган беморлар тўғрисидаги статистик маълумотларнинг номувофиқлигига эътибор қаратгани учун. ОАВ уларнинг материаллари «мамлакат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин"лиги тўғрисида огоҳлантирилдилар. Аввалроқ, MY5 телеканалининг «Очиқчасига гаплашамиз» кўрсатуви эфирдан олиб ташланган, канал эса худди шу АОКА томонидан ўша — «салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин» ибораси билан огоҳлантириш олган эди.

Кўплаб таниқли блогерлар «салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин» бўлган сабабларга қарши курашиш ўрнига оммавий ахборот воситаларига «мушт кўрсатиш» ҳаракатига эътибор қаратдилар. Хушнудбек Худойбердиев кинояли тарзда «юртимизда ҳамма жойда электр бор, чароғонлигидан халқнинг кўзи қамашяпти, ҳар бир хонадонда газ ҳам бор, ловуллаганидан уддалай олмаяпмиз» деб ёзди. Никита Макаренко «ёзганимиз, дийдиё қилганимиз, бир нималар сўраганимиз» учун узр сўради. Insider.uz блоги «Цензурага йўл қўймаслик ва журналистнинг ишига тўсқинлик қилмаслик тўғрисидаги қонунлар бекор қилиндими?» деган саволни ўртага ташлади. Нозим Сафари вазиятни «сўнгги йиллар сўз эркинлиги бўйича амалга оширилган ислоҳотларга аҳоли орасида ишончни сусайтиришга уриниш» деб баҳолади. Собиқ АОКА матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев (Пўлатов) ташкилотдан ўз вақтида кетгани учун Худога шукрона келтирди. Умуман олганда, ўзини цензурачини ролида синаб кўришга уриниш, кутилганидек, тескари таъсирни келтириб чиқарди.

Шуниси диққатга сазоворки, вазифаси «фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш, журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш» бўлган Президент администрацияси ҳузуридаги бу ташкилот — АОКАнинг ҳаракатлари мамлакат олий ҳукуматининг мақсадларига зид келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда жамоатчилик назорати устидан ҳеч қандай босим ўтказмаслик, оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳуқуқларини бузилишига йўл қўйилмаслигини айтиб, оммавий ахборот воситаларини жамият кўзгусига айлантириш зарурлиги тўғрисида таъкидлаганди. Мамлакат қонун чиқарувчи органининг юқори палатаси бўлмиш Сенат раҳбари Танзила Норбоева давлат органлари раҳбарлари ва ходимлари оммавий ахборот воситалари танқидини тўғри қабул қилишлари ва «очиқлик ва сўз эркинлигини демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири» сифатида тан олишлари кераклигини айтиб ўтганди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Лондонда бўлиб ўтган ОАВ эркинлиги бўйича глобал конференцияда сўзга чиқиб, Ўзбекистон бундан буён ҳам ОАВ эркинлиги ва давлат идораларининг очиқлигини таъминлаш бўйича ишларни олиб боришини ваъда қилганди. АОКАнинг собиқ раҳбари ва директор ўринбосари, ҳозирда ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгаши раҳбарлари Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева ҳам сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимиятга айлантириш зарурлиги тўғрисида сўз юритган эдилар.

Бироқ, АОКА хатларига қайтамиз. Асаджон Хўжаевнинг таъкидлашича, Kun.uz мамлакат ҳукуматини аҳолига қарши жиноятда айбламоқда. Расмий хат ёзилишига сабаб бўлган материалда қуйидаги жумла бор эди: «ХХI асрда миллатни газсиз ва чироқсиз қолдириш — жиноят, кечириб бўлмас жиноят!» Агентлик директори хатда муҳим ҳолатни эътиборсиз қолдиряпти ёки ўзини эътиборсиз қолдиргандек тутяпти: нашр материали ижтимоий тармоқлардаги фикрларнинг йиғиндиси, холос. Журналистлар шунчаки ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг баёнотларини тўплаб, эълон қилишган ва ҳар бир баёнот остида муаллифларни кўрсатишган. Юқорида келтирилган жиноят ҳақидаги сўзлар эса асарлари мамлакат ташқарисида бир неча бор нашр этилган таниқли ёзувчи, шоир ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамга тегишлидир.

«Газета.uz» ва Podrobno.uzга юборилган хатларнинг сабаблари янада таажублироқ. Гап шундаки, ҳар иккала нашр Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ковид билан касалланганлар статистикасидаги номувофиқликка эътибор қаратди. Яна бир бор таъкидлашга изн сўрайман: ОАВни кузатиб борувчи аҳоли журналистларсиз ҳам 2123 ва 6570 рақамлари ўртасидаги фарқни кўра олади — хайриятки, ўрта таълим мажбурий бўлиб, математика мактаб ўқув дастурининг фанларидан бири бўлиб қолмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари ҳам аввалроқ ковид бўйича ҳақиқий ва расмий маълумотлар орасидаги ўн баравар фарқ ҳақида гапирганди.

Энди «салбий фикр-мулоҳазалар уйғониши» ҳақида. Салбий фикрларни ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради: коррупция, уруғ-аймоқчилик, товар ва хизматларни нормал нархларда сотиб олишга тўсқинлик қилаётган монополиялар, қийноқлар, ҳокимларнинг ҳақоратлари ва қонунийлики таъминлашга масъул идораларнинг бу ҳақоратларга кўз юмишлари, қимматбаҳо машиналар сотиб олишлар, ҳали қиш бошланишмасдан туриб энергетика инқирози, оддий қор туфайли пойтахтда транспорт тизимининг издан чиқиши…

Муаммоларни ҳал қилиш қийинроқ, улар ҳақида гапирадиганларнинг «оғзини ёпиш» осонроқ ва тезроқ бўладиган юмушдай туюлади. Бироқ бир нарсани назардан қочиришмоқда — бутун аҳолининг оғзини ёпиш имконсиз, ундан ташқари мамлакатни ҳам аввалгидек «темир девор» ортида сақлаб ҳам бўлмайди. «Ўзбекистон энди очиқ, энди илгариги каби ёпилиш мумкин эмас. Биз энди чегараларни ёпмаймиз, интернетни ҳам ўчирмаймиз», — деган эди президент икки ой олдин.

Ундан ташқари, Конституцияга мурожаат қилсак, Ўзбекистон демократик давлат бўлиб, унда «ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир». Бу давлатда «оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Цензурага йўл қўйилмайди». Юқоридаги гапларда қўштирноқ белгиси истеҳзо эмас, балки мамлакат Асосий Қонуни матнидан сўзма-сўз иқтибос олинганлигини кўрсатмоқда.

Демократиянинг асосий тамойилларидан бири — бу фикрларнинг хилма-хиллигидир. Жамият аъзолари бир хил «ижобий фикр»га эга бўлишга мажбур эмаслар. Ҳамма бир хил фикрлаши талаб қилинадиган жамиятлар ёки муваффақиятсизликка учраши муқаррар, ёки цивилизация ютуқларидан бебаҳра қолишга мажбур — бунга мисолларни узоқдан излашнинг кераги йўқ.

Адабиётда антиутопия деб аталадиган қизиқ жанр бор. Масалан, Оруэллнинг «1984», Бредберининг «Фаренгейт бўйича 451 даража» ёки ака-ука Стругацкийларнинг «Кимсали орол» асарлари шу йўналишда ёзилган. АОКА раҳбариятига шундай асарларни тавсия қилишга ижозат бергайсиз. Антутопия муаллифлари бадиий услублар орқали огоҳлантирадилар: фикрлар бостириладиган жамиятлар юзаки қараганда фаровон туюлса-да, ичида жуда заиф ва мўрт бўладилар. Бундай жамиятларда муаммолар ҳақида гапирилмайди, улар ичкарига яширинган ва шунга яраша ҳал қилинмайди. Вақтида ҳал қилинмаган муаммолар эса қор уюми каби тобора янги муаммоларни келтириб чиқаради, натижада давлатнинг ўзи хавф остида қолади.

Оммавий ахборот воситалари эса мана шу муҳим вазифани бажаради — муаммолар таҳдидли даражада катталашиб кетмасидан олдин улар ҳақида огоҳлантириб, ҳал қилишга ёрдам беради. Жамият жиддий қабул қилмайдиган ва кинояли тарзда «Сусамбил» деб атайдиган (ўзбек халқ эртакларида жабрдийда ҳайвонлар учун жаннат шундай деб аталарди) ОАВлар бундай вазифани бажара олмайди. Биз яқин ўтмишда бир қисми бўлган давлатда ҳам ОАВлар худди шундай забонсиз эдилар. Маълумки, бу давлат тарих қаърида йўқ бўлиб кетди. Умид қиламанки, биз мустақил Ўзбекистонимиз учун ҳам шундай тақдирни раво кўрмаймиз.

P. S. Мақола ёзилганидан кейин Дарё.уз ва айрим хусусий телеканаллар ҳам АОКАдан огоҳлантириш хатлари олгани маълум бўлди. Кейинги навбат энди ижтимоий тармоқларда аккаунти бор ҳар бир фуқарогадир. Ким билсин …

Муаллифнинг фикри таҳририятнинг фикри билан мос келмаслиги мумкин.