Шавкат Мирзиёев раислигида 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент 12−13 ноябрь кунлари вилоятда бўлиб, шу борадаги вазифаларни белгилаб берган эди. Ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга туртки бериш мақсадида марказий идоралар, жумладан, вазирлик ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилиб, зарур ресурслар ажратилди. 2021 йил Қашқадарёда «Тадбиркорликни ривожлантириш йили» деб эълон қилинди.

«Қашқадарёда бирорта соҳада тизимли, мана шу уч ярим йил ичида бирорта вазир, бирорта бош вазир ўринбосари натижа бермаган десак бу тўғри гап. Шунинг учун Қашқадарё мана шу аҳволга тушиб қолган. Иккинчидан ҳамма район ҳокимлари район сектор раҳбарлари бир ҳил ишламаяпти, кўпи ишлашни хоҳламайди. Мана шу савол бугунги ҳамма ўтирганларни қийнаши керак», — деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, Қашқадарё вилоятида кўпгина соҳаларда натижалар бермаётгани қайд этилмоқда. Йўл, сув ва қишлоқ хўжаликлари шулар жумласидандир.

«Қашқадарё мисолида биз келгуси йилда янги тизимга ўтишимиз керак. Тизим бир нарсаки, масъулият ва жавобгарлик. Нима ҳаққи бор Тошкентда ўтиришга? Мен ҳар сафар айтаман, ҳафтада икки кун Тошкентда ўтириш мумкин вазир. Қолган кунлари вилоятда бўлиши керак. Ўзбекистон вазирику» — деб айтди президент.


Бош вазир ўринбосари, иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қискартириш вазири Жамшид Қўчқоров Қашқадарё вилоятидаги студиядан президент билан суҳбатидан. Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳар бир туман ва шаҳарнинг жадал ривожланишига туртки бериш учун уларга вазирликлар ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилди, зарур ресурслар ажратилди.

«Қашқадарёда жуда кўп банкдан эътироз бор. Айниқса, туман банкларидан. Энди янги тизим Қашқадарёда, 4 та банк туман халқига ҳисобот берсин. Очиқчасига айтсин, биз мана шунга шунча фоизда пул беряпмиз. Одамлар билсин, мана шу банк халққа хизматкор эканлигини», дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Бош вазир ҳар ойда Қашқадарёни бир марта эшитади вазирларини. Сурхондарёни, Қорақалпоғистонни. Президентга доклад қилади. Кейин мен ўша вазир неча фоиз ишлаганига қараб, ҳоким муовинларининг нима қилганига қараб ҳар кварталда қарор қабул қиламан. Буни ишдан олиш керак, буни рағбатлантириш керак. Бунга раҳмат дейиш керак, буни ҳайдаш керак. Шундай қилиб ишламасак, бўлмайди. Иккинчидан, 4 та сектор раҳбари жиноят нима бўлди, ёшлар нима бўлди, хотин-қизлар нима бўлди, „Темир дафтар“ нима бўлди, ҳақида айтади. Мана шундай иш қиламиз. Қашқадарё эли яхши яшашга ҳаққи бор», деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, президент ҳар бир хонадонда йигирма сотих ер бўлиб, камбағал яшаши бирорта дунёда йўқ эканлигини ва Қашқадарёдаги 3,3 млн аҳоли давлат раҳбарининг ҳавотирини, давлат раҳбаринининг бефарқ эмаслигини, кўмагини сезиши керак эканлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни танқидий таҳлил қилар экан, «Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаяпти, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада», — дея таъкидлаган эди. Давлат раҳбари бунга собиқ ҳоким Зафар Рўзиев сабабчилигини айтганди.