1 декабрдан компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига рухсат берилади, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Республика махсус комиссияси қарорига таянган ҳолда. Қайд этилишича, мазкур қарор мамлакатда электрон спортни янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинган.

Бунда компьютер ўйинлари марказлари фаолиятида қуйидаги санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъий риоя қилиниши белгилаб қўйилди:

  • фукароларни алоҳида, бир-биридан ажратилган ҳолда, столлар оралиғида ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда жойлаштириш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши;
  • ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда объектга киритмаслик чораларини кўриш;
  • ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш каби қатор санитария талабларига риоя қилиниши белгилаб қўйилди.