Ўзбекистон ҳеч қачон «Лукойл»дан қарз бўлмаган. Бу ҳақда Энергетика вазири Алишер Султонов матбуот анжуманида маълум қилди, дея «Газета.uz» журналисти унинг сўзларини келтирмоқда.

«Ҳеч қачон Ўзбекистон «Лукойл»дан қарз бўлмаган. «Лукойл» ҳам Ўзбекистон мендан қарз деб эълон қилгани йўқ. У пайт «Ўзбекнефтегаз» қарз бўлган, ҳозирги пайтда «Ўзтрансгаз» газ олган. Ўшанинг учун бу иккита хўжалик субъектлари ўртасидаги муносабат» — деди вазир.

Вазир ўринбосари Беҳзот Норматов Ўзбекистон «Лукойл» билан маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида иш олиб бораётганини маълум қилди.

«Корхонага тушадиган маблағни 80−85 фоизи давлатда қолади. Шу кунга қадар, мамлакатни „Лукойл“ лойиҳасидан даромади $4 млрддан зиёд бўлган, Ўзбекистон газини сотиш ҳисобига „Лукойл“ $1 млрддан сал кўпроқ пул ишлаган. Шу қаторда, компания ўзи шу лойиҳага $7 млрд маблағ киритиб, давлатдаги энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланади», — деди у.

Шунга қарамасдан, у қайси маҳсулот тақсимотига оид битим ва лойиҳа ҳақида гап кетаётганини аниқлаштирмаган. Эслатиб ўтамиз, мазкур битим «Лукойл» билан «Қандим-Хаузак-Шоди» лойиҳаси бўйича 2046 йилгача, Гиссар лойиҳаси доирасида эса 2043 йилгача тузилган.

Беҳзот Норматов ҳукуматнинг асосий вазифаси — аҳолини газ билан таъминлаш эканини эслатиб ўтди. Шунга кўра, Ўзбекистон «Лукойл»дан экспорт нархида газ ҳарид қилиб, аҳолига 5−6 марта арзонроқ нархда сотган.

Унинг сўзларига кўра, «Лукойл» билан келишилган график доирасида Ўзбекистон мунтазам равишда қарздорликни ёпиб келмоқда. «Маблағларнинг бир қисми [қарздан] барибир давлат бюджетига қайтарилади», — деди у.

«Газета.uz» журналисти билан суҳбатда вазир ўринбосари қарзнинг аҳоли ва бюджетга «оғирлиги» тушмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ, депутат Дониёр Ғаниев ҳукуматни нефт ва газ дунёда энг сердаромад соҳалардан бири бўлишига қарамасдан, «Ўзбекнефтегаз»га 400,9 млрд сўм миқдорида «қайтарилмас» субсидиялар бергани учун танқид қилган эди. Молия вазири Тимур Ишметов таъкидлашича, «субсидия бериш нефт ва газ соҳасидаги ишларнинг ҳақиқий ҳолатини кўрсатди». Унинг сўзларига кўра, трансформациясиз давлат корхоналари субсидиялар олишда давом этади ва кредитлар бўйича қарзлар давлат компанияси устав фондига киритилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон «Лукойл»дан 2018 йилда етказиб берилган газ учун 600 млн доллар қарздор бўлиб қолгани маълум бўлган эди. Қарз Ўзбекистон газнинг бир қисмини ички бозор учун олиб қолгани натижасида юзага келган. Маҳсулот тақсимотига оид битим шартларига кўра, ишлаб чиқарилган газ ҳажмини экспорт қилиш назарда тутилган эди.

Ўтган йилнинг июнь ойида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон «Лукойл»дан ички бозорга сотиш учун 146 доллардан газ харид қилиб, уни аҳолига 40 доллардан сотаётганини ва ҳар бир куб метр ўртасидаги 100 долларлик фарқ 600 млн долларлик қарзни пайдо қилганини таъкидлаган эди. Ўшанда президент нима учун маҳсулот тақсимотига оид битимда миллий манфаатлар ҳисобга олинмагани ҳақида савол берганди.

Маълумот ўрнида, маҳсулот тақсимотига оид битим шартнома ҳисобланиб, унга мувофиқ Ўзбекистон ҳақ олиш асосида ва муайян муддатга чет эллик инвесторга (бундан буён матнда инвестор деб юритилади) битимда кўрсатилган ер қаъри участкасида конларни аниқлаш, қидириш ва фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳамда шулар билан боғлиқ бўлган ишларни олиб бориш учун мутлақ ҳуқуқлар беради, инвестор эса мазкур ишларни ўз маблағлари ҳисобига ва таваккал қилиб амалга ошириш мажбуриятини олади.