2021 йил 1 январдан бошлаб давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларини ҳуқуқий саводхонлиги даражасини текшириш таклифи киритилди. Бу ҳақда тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш «Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули» — махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Улар ҳуқуқий саводхонлик даражаси бўйича ҳар уч йилда бир марта режали баҳолашдан ўтиши керак бўлади.

Олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасалари ва ташкилотларини тугатгандан кейин давлат ташкилотларидаги вакант лавозимга ишга кираётган ҳамда иш стажига эга бўлмаган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб ўн икки ой ўтгач, лекин ўн беш ойдан ошмаган муддатда баҳолашдан ўтказилади.

Иш стажига эга бўлган ва бошқа давлат ташкилотларидаги вакант лавозимга ишга қабул қилинаётган шахслар илгариги иш жойида баҳолашдан ўтмаган бўлса, ишга қабул қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгандан кейин, лекин олти ойдан ошмаган муддатда баҳолашдан ўтказилади.

Давлат ташкилотида меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат хизматчиси худди шу ташкилотда бошқа лавозимга тайинланган тақдирда, қайта баҳолашдан ўтказилмайди.

Тест саволлари давлат тили ва зарурат бўлган ҳолларда қорақалпоқ тилида тузилади.

Ҳар бир давлат хизматчиси томонидан 40 та тест саволи бажарилади. Бунинг учун жами 80 дақиқа вақт ажратилади. Ҳар бир тўғри жавоб 2,5 баллдан баҳоланади.

Таклиф этилаётган низомга кўра, баҳолаш натижалари қуйидагича таснифланади: аъло — 86 балл ва ундан юқори; яхши — 71 баллдан 85 баллгача; қониқарли — 56 баллдан 70 баллгача; қониқарсиз — 0 баллдан 55 баллгача.

Баҳолашдан муваффақиятли ўтган давлат хизматчиларига шахсий кабинетига электрон тарзда QR код орқали тасдиқланган маълумот юборилади.

Ушбу талаблар бўйича билимларни текшириш қуйидаги лавозимларга тегишли:

  • вазирлар, давлат қўмиталари, идоралар, марказлар, қўмиталар, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
  • ташкилотлар раҳбарлари (уларнинг ўринбосарлари ва ёрдамчилари);
  • Жўқорги Кенгес раиси, вазирлар, Қорақалпоғистон давлат қўмиталари ва идоралари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари (уларнинг ўринбосарлари ва ёрдамчилари);
  • бўлимлар, асосий бўлимлар, дирекциялар, бўлимлар, штаблар, кичик бўлимлар ва давлат бошқарувининг бошқа тузилмалари раҳбарлари;
  • шаҳар ва вилоят ҳокимлари (уларнинг ўринбосарлари ва ёрдамчилари);
  • барча тоифадаги мутахассислар (маслаҳатчилар, котиблар, бухгалтерлар, инспекторлар, методистлар, иқтисодчилар ва бошқалар).

Адлия вазирлиги давлат хизматчилари ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш натижалари ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ҳар олти ойда таҳлилий ахборот тақдим этади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 2020 йилнинг 10 декабрига қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб барча раҳбар ва маъсул лавозимга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эга бўлиш мажбурий этиб белгиланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик. Ҳужжат лойиҳасида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизими жорий этилиши кўзда тутилган.