«Газета.uz» таҳририятига келажакда текширилмаган маълумотлар эълон қилинган тақдирда «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» келиб чиқиши огоҳлантирилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев томонидан имзоланган хат келиб тушди.

Огоҳлантириш 17 ноябрь куни президент раҳбари матбуот хизмати хабари асосида ёзилган «Президент поручил оптимизировать COVID-больницы» хабарига тегишли (хат рус тилидаги хабар бўйича берилган. Ўзбек тилида ушбу хабар: «Президент COVID-19 касалхоналарини оптимизация қилиш бўйича топшириқ берди»). Президент матбуот хизматининг хабарида қуйидаги матн мавжуд: «Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда…Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди».

Келтирилган матнда коронавирус беморлари ва коронавирус билан касалланганлар учун мўлжалланган шифохоналар тўғрисида аниқ айтилган. Шу боис, «Газета.uz» ушбу хабарни беришда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўша куни кечки вақтда берган статистик маълумотига кўра, мамлакатда 2123 нафар коронавирус бемори даволанаётганига эътибор қаратди. Хабарни эълон қилишдан олдин таҳририят ССВга муносабат сўраб мурожаат қилди, лекин тезкор жавоб ололмади.

Хабар эълон қилинганидан бир оз вақт ўтганидан сўнг ССВ ушбу ҳолатга изоҳ бериб, 6570 нафар бемор ичида баъзи белгилари мавжуд бўлиб, касалликда гумон қилинган, лекин вирус тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар борлигини маълум қилди. «Газета.uz» ушбу тушунтиришни ҳам ўз сайтида эълон қилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хатида қайд этилишича, «тўла текширилмаган маълумот асосида эълон қилинган хабар ва унинг кетидан билдирилган муносабат жамоатчиликда нотўғри фикрга олиб келган».

АОКАнинг қўшимча қилишича: «Бу эса, ўз навбатида, мамлакат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин» (агентлик томонидан бу сўзларнинг тагига чизилган).

«Газета.uz» масалани бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблайди, огоҳлантириш хатига эса таҳририятни «ноқулай» саволлар беришни тўхтатишга мажбур қилиш бўйича кескин жавоб деб қарайди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида «Газета.uz» Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига таяниб, Ўзбекистонда ўлим ҳолатлари сони коронавирус пандемияси даврида июль ойида 26,4%га, Тошкентда эса 2,6 маротабага кўпайгани ҳақида ёзган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги таҳририятнинг ушбу масала бўйича мурожаатига ҳалигача жавоб бермади.

Ноябрь ойида биз Давлат статистика қўмитаси сўнгги йиллар давомида илк бор, яъни Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида кузатилган ўлим ҳолатлари статистикаси демографик ҳолат тўғрисидаги чораклик ҳисоботига киритмагани ҳақида хабар берган эдик.

«Газета.uz» давлат органлари фуқароларни қизиқтирган масалалар бўйича жамоатчиликка тўлиқ маълумот бермаслиги ёки умуман маълумот берилмаслиги каби ҳолатлар жуда кўп, деб ҳисоблайди. АОКА бундай вазиятларда четда қолиб кетади, жамоатчилик эса, муҳим маълумотни ололмай, ютқазади.

Ҳукуматга савол бериш, фуқаролар фикрини унга етказиш — демократик жамиятдаги ОАВнинг асосий вазифаларидан биридир. Ушбу ҳолатдаги ўқувчиларнинг изоҳлари (уларнинг мазмуни қонунчиликни бузмайди) жамиятдаги кайфиятнинг индикатори бўлиши мумкин, лекин ОАВга қарши санкция қўллаш учун сабаб эмас.

Маълумот учун, 23 ноябрь куни Kun.uz интернет нашри ҳам АОКАдан огоҳлантириш олган. Бунга таҳририят томонидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг Ўзбекистонда изғирин совуқ тушуши ортидан газ ва электр таъминоти муаммолари билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларининг эълон қилиниши сабаб бўлган. Сайт ҳам «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» ҳақида хабардор қилинган.

Kun.uz таҳририяти АОКА бош директорининг хатини «журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш» деб баҳолади ва журналистлар билан «кураш» ўрнига мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратишга чақирди.

«Газета.uz» Kun.uz`ни қўллаб-қувватлайди ва унинг чақирувларига қўшилади.