24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳада 2021 йилда давлат бюджети даромадлари 147 трлн сўм [ЯИМга нисбатан 21,3 фоиз] даражасида бўлиши, ҳаражатлар эса 165,7 трлн сўмни ташкил этиши қайд этилган. Бу 2020 йилга нисбатан 24 фоизга кўп. Маълум қилинишича, давлат бюджет харажатларининг ярмидан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилади.

Бундан ташқари, ҳужжат билан бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган.

Хусусан, лойиҳанинг 2-моддаси билан коронавирус пандемияси даврида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилмоқда.

Қонун лойиҳасидаги мазкур ваколат юзасидан Ҳисоб палатаси ўзининг таклиф ва тавсияларини билдириб ўтган. Унда Вазирлар Маҳкамасига берилаётган мазкур ваколат мақсадга мувофиқ эмаслиги айтилган.

«Ушбу ваколат Бюджет кодексининг 145-моддаси билан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлар ёйилмасига ўзгартиришлар киритиш бўйича белгиланган тартибга зид», — дейилади ҳисоботда.

Бюджет кодексининг 145-моддасида биринчи тақсимловчига ажратилган маблағларни бошқа биринчи даражали тақсимловчига ўтказиш 10 ва ортиқ ундан ортиқ фоизи миқдорда Олий Мажлис палаталари томонидан, 10 фоиздан кам миқдорда Молия вазирлиги таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Ҳисоб палатаси пандемия сабабли глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларни кўриш нафақат Вазирлар Маҳкамаси, балки давлатнинг барча тузилмаларини биринчи даражали вазифаси ҳисобланишини қайд этган.

Бундан ташқари, палата лойиҳанинг 2-моддаси, учинчи хатбошисида кўзда тутилган соҳани ривожлантириш дастурларини республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори доирасида шакллантириш таклифи биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини ушбу дастурларни амалга ошириш учун жалб қилиш имкониятини чеклаб қўйишини маълум қилган.

Бюджет кодексининг 122-моддасига мувофиқ, бюджет ташкилотлари юридик мажбуриятларни бюджетдан ажратиладиган ва бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари доирасида қабул қилиши белгиланган. Шунга кўра, молиявий мажбуриятлар ушбу юридик мажбуриятлар доирасида қабул қилиниши кўзда тутилган.

«Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Қонун лойиҳасининг 2-моддаси, учинчи хатбошисида кўзда тутилган таклифдан кўзланаётган мақсадни аниқлаштириш хамда ушбу таклифни Бюджет кодексига мувофиқ қайта кўриб чиқиш лозим», — дея қайд этилган Ҳисоб палатаси ҳисоботида.