24 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Қозоғистондан келган бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашди, дея хабар берди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати. Улар саноат, қурилиш, тиббиёт, ландшафт дизайни ва туризм соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилишди.

Қайд этилишича, GALANZ Bottlers компанияси Ўзбекистонда салқин ичимликлар ишлаб чиқарадиган завод қуришни режалаштирмоқда. Корхонада «Maxi чай» салқин чойи, «Funky», «Сок Березы», Laimon Fresh газли ичимликлари, «Первоквас» квас ичимлиги, «Sevens» ичимлик суви ва бошқа ичимликлар ишлаб чиқарилмоқда.

«Бизнинг компаниямиз 22 йилдан бери Қозоғистонда ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Биз ичимликлар ишлаб чиқарадиган энг йирик учта компаниядан биримиз. Биз шеригимиз билан бу ерда салқин чой, шунингдек, газланган ичимликлар ва сув ишлаб чиқарадиган завод қуришдан манфаатдормиз. Бу сармоявий режалар», — деди компания вакили.

GALANZ Bottlers, шунингдек, Ўзбекистондан Қозоғистонга колбаса, макарон, консерва ва қандолат маҳсулотларини импорт қилмоқчи.

Қозоғистондаги энг йирик тозалаш компанияларидан бири бўлган IC Group ўз ишини аутсорсинг асосида қуриб, шаҳарни ободонлаштиришда ўзининг технологик ечимларини таклиф қилди. Компания Қозоғистондаги корпоратив сегмент, савдо-кўнгилочар марказлари, банклар, йирик чакана савдо тармоқлари бозорининг улушининг 27% дан ортиғини эгаллайди ва капитали 8 млрд тенге (18,8 млн доллар) ни ташкил этади. Тошкент ҳокими пойтахт туманларидан бирида қўшма пилот лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Timus Development МЧЖ директори Тимур Нуртаев жамоат транспортларида бепул Wi-Fi жорий этиш ва туризм ва тиббиётда IT-лойиҳаларни амалга ошириш хизматини таклиф қилди.

«Яна битта бизнес мавжуд — тиббий ахборот тизимлари. Бу бир ўқ билан икки қуённи ўлдиришга имкон берувчи IT соҳасидаги ишланмалардир. Соғлиқни сақлаш тизими учун аҳолига-алоҳида электрон паспортни йўлга қўйиш, статистик маълумотлар ва таҳлилларни олиб бориш мумкин бўлади. Масофадан туриб шифокор қабулига ёзилиш, энг яқин поликлиника ва керакли шифокор қаердалигини, керакли тиббий дориларни қаердан топишни билиш харидор учун фойдали бўлади. Шифокорлар ўзларининг офисларига эга бўлишади, у ерда касалликларни даволаш протоколлари, шу жумладан COVID-19 бўйича маълумотлар ёзиб борилади», — деди у.

Аввалроқ ўша йиғилишда Magnum Cash&Carry (Қозоғистон) раҳбари Азамат Османов Ўзбекистоннинг чакана бозорига кириш режалари ҳақида хабар берганди. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳар бир манзил учун сармоялар ҳажми 5 млн долларни ташкил этади. 2021 йилда ушбу чакана ва савдо тармоғи 6 та филиални очишни режалаштирмоқда.