Самарқанд вилояти — электр энергиясидан қарздорлик бўйича республикада етакчи, дея хабар берди Aniq.uz.

Хабар берилишича, Самарқанд вилоятининг электр энергиясидан қарздорлиги 646 млрд сўмни ташкил қилиб, шундан 553 млрд сўми аҳоли қарздорлигига тегишли.

Шунингдек, қарздорлик бўйича 2- ва 3- ўринларда Навоий (қарз суммаси 410 млрд сўм) ва Андижон вилоятлари (қарз 273 млрд сўмни ташкил этмоқда, шундан 247 миллиарди аҳолининг қарздорлиги) турибди.

Айни пайтда Ўзбекистонда «Ҳудудий электр тармоқлар» АЖ томонидан рақамлаштиришнинг асосий йўналишларидан бири — «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «KT Corporation» компанияси ўртасида электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказини ташқил этиш бўйича 2019 йилда битим имзоланган.

Шунингдек, хабарга кўра, Ўзбекистон бўйлаб 7,4 млн дан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши режалаштирилган.

Ҳозирда жамиятнинг ўз маблағлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар инвестициялари ҳисобидан 4,6 млн дан ортиқ замонавий ҳисоблагич ўрнатиб бўлинган.