25 ноябрь куни Халқ депутатлари Сирдарё тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Мирзақулов Ботиржон Казакбаевич туман ҳокими лавозимига тайинланди.Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Туманнинг аввалги раҳбари Алижон Мухамадиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Маълумот ўрнида, Ботиржон Мирзақулов 1970 йилнинг 23 февралида Сирдарё туманида туғилган. 2005 йилда Гулистон давлат университетини тамомлаган. 2018 йилдан шу кунга қадар Сахунобод туман ҳокими лавозимида ишлаб келган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Шу куни халқ депутатлари Сайхунобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўктамжонов Фаррух Ўктамжонович туман ҳокими лавозимига тайинланди.

У бунга қадар Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Туманнинг аввалги ҳокими Мирзакулов Ботиржон Сирдарё туманига ҳоким этиб тайинланиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Акром Сулаймонов. Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрига ҳам янги ҳоким тайинланди. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Сулаймонов Акром Исомиддинович Шаҳрисабз шаҳар ҳокими лавозимига сайланди.

Акром Сулаймонов 1969 йилда Чироқчи туманида туғилган. У Республика «Ўзмелиомашлизинг» давлат унитар корхонаси ижрочи директори лавозимида ишлаб келаётган эди.