Андижон вилояти Балиқчи туманида учта мактабга тегишли бўлган ер майдонлари асоссиз равишда тадбиркорлик субъектларига бериб юборилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик ер майдонларини таълим муассасалари тасарруфига қайтариш бўйича Андижон вилояти прокуратурасига мурожаат билан чиққан.

Маълум бўлишича, Балиқчи туман ҳокимлигининг қарори билан тумандаги 10, 39 ва 50-сон умумий ўрта таълим мактаблари ҳудудидаги жами 73,4 сотих ер майдонлари президентнинг «Халқ таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарорига зид равишда халқ таълими вазири билан келишув амалга оширилмасдан тўғридан-тўғри туман захирасига олинган.

Ушбу ҳолат бўйича Балиқчи туман прокуратураси томонидан туман ҳокимининг қарорига протест келтириш йўли билан бекор қилиниши таъминланган, дейилади хабарда.