Демократлар партияси номзоди Жо Байден 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган эди. Бўлиб ўтган сайловда мағлубиятини тан олишдан бош тортаётган АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп, мамлакатда ҳокимиятни янги маъмуриятга ўтказиш учун расмий жараённи бошлашни буюрди. Бу хақида у ўз Твиттер саҳифасида эълон қилди.


«Мен Эмили Мёрфига (АҚШ Умумий хизматлар маъмурияти — General Services Administration) миннатдорлик билдирмоқчиман. У охирги вақтларда таҳдид ва қўполликлар гирдобида қолди. У ва оиласига, шунингдек, хизмат ходимларига ёмонлик қилишларини истамайман. Бизнинг ишлар ёмон кетмаяпти ва шу руҳда давом этишимиз, курашишимиз керак. Биз ғолиб бўлишимизга ишонаман. Мамлакат манфаати учун Эмилига керакли ишларни бошлашини айтмоқчиман (ҳукуматни топшириш масаласи назарда тутилмоқда). Ўз жамоамга ҳам шундай қилишни кўрсатма бердим», — деб ёзди Трамп ўз саҳифасида.

Федерал Умумий Хизматлар Агентлиги (GSA) раҳбари Мёрфи томонидан сайловлардан деярли уч ҳафта ўтгач Жо Байден штабига юборилган қисқа хат, АҚШ маъмурияти унинг ғалабасини тан олишга тайёр эканлигининг биринчи далили сифатида қаралди.

«Сўнгги воқеаларни, шу жумладан суд қарорларини ва сайлов натижалари расмий равишда тасдиқланганлигини (штатлар томонидан — Би-би-си) ҳисобга олган ҳолда, сиз сайловлардан сўнг тақдим этиладиган манбалар ва хизматлардан фойдаланишингиз мумкин деган қарорга келдим», — деди Жо Байденга шахсий мурожаатида GSA раҳбари Эмили Мёрфи.