2021 йил давомида табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун тарифлар оширилмаслиги белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Расул Кушербаев маълум қилди.

Депутатнинг қайд этишича, мазкур норма 2021 йил учун мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳасидан ўрин олган.

Шунингдек, бугун Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида иштирок этган бош вазир Абдулла Арипов ҳам буни тасдиқлаб, бу аҳоли учун енгиллик яратиш ва қўллаб-қувватлаш йўлида қилинаётганлигини билдириб ўтди, деб ёзди депутат.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев 2021—2022 йилларда электр энергияси тарифларини ўзгартиришсиз сақлаб қолишни топширган эди. «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев давлат раҳбари электр энергияси корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини тарифларни ошириш эмас, балки ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳисобида амалга ошириш бўйича топшириқ берганини маълум қилган эди.