Вазирлар Маҳкамасининг етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар барча таълим муассасалари, шу жумладан, ОТМларда таълим-тарбия оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлади.
Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда БҲМнинг 2 баравари миқдорида (446 минг сўм) пул маблағлари тўланади.
Тўлиқ давлат таъминоти ўз ичига:
- пул нафақалари;
- озиқ-овқат маҳсулотлари;
- кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар;
- транспорт карточкаларини олади.
Давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун БҲМнинг 100 баравари (22 млн 300 минг сўм), йўл харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.