Жорий йилнинг 20 ноябр куни 42 ёшли эркак томонидан рашк туфайли содир этилган жиноят тўғрисида хабар берган едик. Ушбу жиноят видеоси ноқонуний тарқатилган ва уларни тасвирга олиб тарқатганларга нисбатан қонуний чора кўрилди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Хабарда келтирилишича ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳалар 3 нафар фуқаро томонидан тасвирга олиниб, тарқатилган. Ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан ушбу шахсларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтди. Бундай ҳаракатлар фақат қонун доирасида амалга оширилиши лозим.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189−1 ва Жиноят кодексида 130−1-моддалар мавжуд бўлиб, «зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган», — дейилган ИИБ баёнотида.