Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида жамоат транспортини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари йўловчи ташиш хизматларидан аҳоли мутлақо норози эканини таъкидлади. Масалан, 79 та йўналишдаги автобуслар интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечикмоқда. Оқибатда одамлар бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишни афзал билмоқда. Бугунги кунда шаҳар жамоат транспортида бор-йўғи 33 фоиз йўловчи юрмоқда. Ривожланган мамлакатлар пойтахтида бу кўрсаткич 60−70 фоизни ташкил этади.

Шу боис мавжуд инфратузилмани яхшилаб, жамоат транспорти ҳаракатининг тезлиги ва аҳоли учун қулайлигини таъминлаш вазифа қилиб қўйилди.

Давлат раҳбари жамоат транспорти тизимида янги бошқарув услубини жорий этиш, метрополитен, автосаройлар ва йўналишли такси корхоналарини бир-бирига боғлаш, ахборот технологиялари асосида уларнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш кераклигини таъкидлади.


Бунинг учун метрополитенни бошқариш ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятининг буюртмачи ва назорат функциялари шаҳар транспорт бошқармасига ўтказилади. Молиялаштириш ҳам бошқарма томонидан амалга оширилиб, транспорт корхоналарига ҳақиқий бажарилган иш ҳажми, босиб ўтилган масофага қараб маблағ ажратилади.

Мутасаддиларга Тошкент шаҳар жамоат транспортини ягона тизим асосида тартибга солиш, молиялаштириш ва табақалашган тарифларни белгилаш бўйича вазифалар қўйилди.

Тирбандлик кузатилаётган кўп қаторли йўлларнинг бир қисмини жамоат транспорти учун ажратиш, марказий кўчаларда паркоматлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, пиёдалар ва велосипедлар йўлакчаларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

«Тошшаҳартрансхизмат» жамиятини тўлиқ трансформация қилиш, Транспорт университети фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Жамоат транспорти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Тошкентдаги тажриба асосида бошқа шаҳарларда ҳам йўл-транспорт тизимини қайта кўриб чиқиб, марказий кўчаларни намунавий тарзда ўзгартириш, хусусан, Самарқандда жамоат транспортини оптималлаштириш, аҳоли ва туристлар учун қулай шароит яратиш вазифаси қўйилди.