Аввалроқ, кескин совуқ тушганига қарамай, Aндижондаги 43-мактаб ўқувчилари тарғибот тадбири доирасида юпун кийимларда байроқ кўтаришга чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят халқ таълими бошқармаси вазиятни ўрганиб, расмий муносабат билдирди. Унда мактаб директори в.б. Д.Насирдинов ва унинг ўринбосари С.Исманова ишдан олингани айтилмоқда.

Муносабатда айтилишича, 19 ноябрь куни Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабига «Янги Ўзбекистон — Янгича дунёқараш» шиори остида зиёлилар, санъат, фан-маданият ҳодимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳи ташриф буюрган.

«Тарғибот гуруҳи вакиллари ташрифидан хабардор бўлган ўқувчилар (соат 11:25да) уларни кузатиш мақсадида йўлакка чиқишган. Ўтказилаётган тадбирнинг фотоальбомини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари ва мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни расмга олган. Ишчи гуруҳ расмдаги болалар билан қилган суҳбатида мана шу суратга олиш вақтида 2−3 дақиқа ташқарида қолишганлиги, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан (соат 11:35гача) уларни синф хоналарига киришлари сўралганлиги таъкидланди» дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳнинг расмдаги ўқувчилар ва ота-оналар билан суҳбат қилгани, фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмагани сабабли эътирозлари йўқ экани айтилмоқда.

«Якуний хулосага кўра: Ҳар бир ўқувчининг мактабдаги вақтидаги саломатлиги ва хавфсизлигига кенг жамоатчилик вакиллари, блоггерлардан ҳам кўпроқ таълим соҳаси вакиллари жон куйдиришлари зарур эканлигини ҳисобга олиб 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси (Д.Насирдинов), мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари (С.Исманова)лар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дея таъкидланган хабарда.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси барча тизимда фаолият олиб бораётган раҳбарлар, ўқитувчилар ва ҳодимлардан мактабдаги ўқувчиларнинг ҳар бирига ўз фарзандидек даҳлдорлик туйғусида ёндошишини, уларнинг соғликлари ва хавфсизликларига таъсир кўрсатувчи мана шундай ҳолатларга йўл қўймасликларини сўраб қолган.

Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман Алия Юнусова ушбу ҳолат юзасидан «Газета.uz»га ўз фикрини билдирди: «Болалар саломатлигини хавф остига қўйиш мумкин эмас. Кейинчалик ҳам шунақа тадбирларга болаларни жалб қилишларига мутлақо қаршиман. Масъул раҳбарлар шунга ўхшаш «ҳурмат кўрсатиш» ва болалардан фойдаланиб бошқаларни қарши олиш тажрибасидан воз кечишлари керак. Байрамни болалар билан бирга қилиш керак. Биз болаларни тўғри нарсаларга ўргатишимиз керак».

Алия Юнусова Андижондаги мактаб директори ва унинг ўринбосарига нисбатан кўрилган чоралар тўғри эканлигини, ва бошқаларга дарс бўлиши кераклигини таъкидлади.

Бунга қадар, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га вазир Шерзод Шерматов илгари барча мактаб директорлари ва ҳудудий халқ таълими бўлимлари раҳбарларини бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида қатъий огоҳлантирганини маълум қилганди. «Бунга йўл қўйиш ёки ким биландир шу тарзда учрашиш тақиқланади. Вазир бу ҳақда қатъий огоҳлантирган», — деб таъкидланади вазирлик хабарида.