Хоразм вилояти Урганч шаҳрида бир гуруҳ аёллар «самосуд» уюштириб, бошқа бир аёлни ечинтирди ва бу жараённи видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатди. Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ИИБ ахборот хизматига баёнотига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразм шевасида сўзлаётган бир гуруҳ аёллар томонидан бошқа бир аёл кишини қизлик иффати йўқлигини рўкач қилиб ечинтириб уяли телефони орқали олган видеотасвир тарқалди.

Ушбу видеолавҳадаги ҳолат қачон, қаерда содир бўлганлиги ва жараён иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилди, дейилади хабарда.

Олиб борилган суруштирув жараёнида мазкур ҳолат жорий йилнинг 7 октябрь куни Урганч шаҳрида содир бўлганлиги маълум бўлди.

ИИБ ахборот хизмати жараён иштирокчиларининг шахси тўлиқ аниқланганини ҳамда тергов манфаатлари ва жабрланувчининг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш мақсадида иштирокчиларнинг исм-шарифлари ошкор этилмаслигини маълум қилди.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу видеолавҳани ижтимоий тармоқларда тарқатаётган шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Маълумот учун, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, шунингдек шахсга доир маълумотлардан қонунга хилоф равишда турли кўринишда фойдаланиш қонун билан таъқиб қилинади.