Ўзбекистонда тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида айрим божхона имтиёзлари бекор бўлиши натижасида 3 трлн сўмга [Марказий банкнинг 23 ноябрдаги курсига мувофиқ, $288 млн] яқин қўшимча давлат бюджетига маблағлар ундирилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси раиси Муроджон Азимов маълум қилди.

«Ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар ҳисобига — 700 млрд сўмга яқин, дон маҳсулотлари — 320 млрд сўм, автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар — 1,5 тлрн сўмга яқин, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган технологик ускуналар, жиҳозлар, бутловчи буюмлар ва материаллар — 50 млрд сўм, углеводород хом ашёси — 330 млрд сўм, озиқ-овқат маҳсулотлари — 137 млрд сўм, юк автотранспорт воситалари — 230 млрд сўмга яқин маблағлар қўшимча ундирилди», — деди Муроджон Азимов.

Қўмита раиси бундан уч йил олдин информацион инспекцион кўрик мажмуалари тўлиқ ишламаганини қайд этди.

«Мана шуларни ишлатиб, Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган ҳар битта юк машинаси, вагон, контейнер, самолёт орқали келадиган юклар ҳам инспекцион кўрикдан ўтаяпти. Бундан ташқари, тизимда илғор ахборот технологиялари жорий қилиниб, „хавфни бошқариш“ тизими, божхона қийматини аниқлаш модули яратилгани, инсон омили чеклангани ҳам, албатта, божхона тўловлари ундирилишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди», — деди Азимов.



Муроджон Азимов. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Бундан ташқари, у сўнгги икки-уч йилда республикада фаолият кўрсатган 10 дан ортиқ уюшган жиноий гуруҳлар бевосита юкни ўтказиш ва алмаштириш, божхона қийматини камайтириш билан шуғуллангани ва уларнинг фаолияти фош этилиши билан божхона йиғимлари ошганини таъкидлади.

Муроджон Азимов, шунингдек, божхона йиғимлари ундириш натижасида давлат бюджетига 2018 йилда 11 тлрн сўм, 2019 йилда 17 трлн сўм ўтказилгани ҳақида гапирди. Бу йил эса 24 трлн сўмдан ортиқ маблағ ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси январь-сентябрь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,4 фоизга қамайди ва 30 млрд сўмдан ошди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, импорт 16 фоизга, экспорт 7,4 фоизга тушиб кетган. Шунга қарамасдан, божхона йиғимлари 5,6 тлрн сўмни [47 фоизга ошган] ташкил этган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев ниманинг ҳисобига бундай натижага эришилгани билан қизиқди.

«Бу албатта ижобий натижа, бюджет учун муҳим. Бу нимани ҳисобига ошди деган савол туғилади: „Чунки шубҳа туғилади, олдин ё жуда катта коррупция бўлган ёки жуда кўплаб корхоналарга биз имтиёзлар берганмиз“. Яъни, авваллари иқтисодий фаолият бундан баланд бўлган тақдирда ҳам божхона йиғимларини ундириш имконияти бўлган, лекин ундирмаганмиз. Ниманинг ҳисобига 5,6 трлн сўм йиғимлар ундирилган? Қайси соҳалар, қайси корхоналарга берилган имтиёзлар бекор қилинган ёки солиқлар улардан ундирилган?» — дея савол билан мурожаат қилди депутат.