Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Вашингтонда Ўзбекистон — Америка Қўшма Штатлари сиёсий маслаҳатлашувларининг саккизинчи раундида иштирок этди. Музокаралар якунида Стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

АҚШ делегациясига Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон бошчилик қилди.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ҳам жой олган, дейилади хабарда.

Янги мулоқот доирасида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт соҳаларида яқин ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Биринчи мулоқотни 2021 йилда Тошкентда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди. Кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Икки томон ҳам ҳамкорликнинг жорий динамикасини сақлаб қолишга, қўшма кун тартибининг барча масалалари бўйича яқин ва мунтазам мулоқотда бўлишга, стратегик шерикликнинг шартнома-ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қизиқиш билдирди.

Музокараларда АҚШ стратегик шериклиги ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. 2019 йилда АҚШнинг Ўзбекистонга ёрдам дастури деярли 100 миллион долларга ўсди, бу эса 2016 йилга нисбатан 10 баравар кўплигини англатади.

АҚШ томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган, республика ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи кенг миқёсли ислоҳотларнинг натижаларига юқори баҳо берди. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ютуқларни эътироф этди ва Ўзбекистоннинг 2021−2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини мамнуният билан қабул қилди, деб маълум қилди ТИВ матбуот хизмати.

Сиёсий соҳадаги Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги тизимли ва барқарор тус олгани қайд этилди. Халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди.

Коронавирус билан боғлиқ инқирозининг жиддий иқтисодий таъсири қайд этилиб, Америка Қўшма Штатлари глобал пандемия оқибатларига қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беришда қатъий тасдиқланди.

Америка томонига БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Ўзбекистон раҳбари илгари сурган ташаббусларнинг консептуал аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.

«C5+1» шаклининг минтақавий ҳамкорликни илгари суришда ва биргаликдаги ишларнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишда муҳим ўрин тутиши эътироф этилди. Шу нуқтайи назардан Марказий Осиёнинг глобал транспорт ва транзит коридорларига чуқур интегратиялашувини таъминлаш ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва энергитика соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича амалий чораларни кучайтириш масалалари алоҳида ажратиб кўрсатилди.

Хабарда маълум бўлишича, «Ўзбекистон — АҚШ — Афғонистон» уч томонлама шакли доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистонни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий ва интеграция жараёнларига фаол жалб этиш ҳамда унинг транзит салоҳиятини оширувчи инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш мазкур мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.

Музокаралар якунлари бўйича йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар шаклини Стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мулоқотнинг таъсис йиғилишини 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.