Президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрдаги Тошкент бўйлаб сафари давомида Яшнобод туманидаги технопаркга ташриф буюрди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Президентнинг 2019 йил 1 майдаги «Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида ушбу инновация технопарки ташкил этилган эди.

Технопарк 7 та блокдан иборат. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Президент лифт ва эскалаторлар, форма ва қолиплар, сув насослари, саноат кондиционерлари ва совитиш тармоқлари корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда энг катта муаммо лифтлар билан боғлиқлигини айтиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш эвазига таннархни тушириш, эски лифтларни алмаштириб, янгиларига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берди. Замонавий лифтларни эксплуатация қилиш бўйича кадрлар тайёрлаш кераклиги қайд этилди.

«Бундай корхоналар бир эмас, бир нечта жуда муҳим иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал қилади. Одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлайди. Энг асосийси, бугунги ютуғимиз — саноатда юқори технологияларни амалда ишлата оладиган замонавий миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқяпти», — деди президент.

2021 йилда Технопаркда совитувчи витриналар, иситиш радиаторлари, ошхона техникалари, фурнитура ва аксессуарлар, мис қувурлар, изоляция материаллари каби бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 9 та корхона ишга туширилиши режалаштирилмоқда.