Аввалроқ, Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия томонидан матбуот анжумани ўтказилганини хабар қилган эдик.

Унда, юқори палата раиси никоҳ қураётган ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласи формал бўлиб қолгани ҳақида гапирган эди.

«Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш масаласи бор. Лекин ҳаммаси формал бўлиб қолди. ЗАГС йўлланма беради, 5 та йўналиш бўйича диспансерлардан ҳисобда турибдими, йўқми маълумот олади. Ҳисобда турмаса, касалмас деб ёзиб беради. Ёки бўлмаса, СПИД [ОИТС — таҳр.] деган жойда йўқ деб ёзиб беради. У рўйхатда турмаган бўлсачи? Касаллик бор бўлсачи? Мана шу масала ҳозир қай даражада долзарб? 17 йил бўлибди қарор қабул қилинганига. Ҳозирги кун талабига жавоб бераяптими, йўқми?», — дея таъкидлаган эди.

Нарбаева шунингдек, Сенатнинг 20 ноябрдаги ялпи мажлисида никоҳланувчи шахсларни тиббий никоҳдан ўтказиш масаласини парламент сўрови тартибида ҳукуматга киритмоқчилигини маълум қилганди.

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси айни шу масалани муҳокама қилган. Таъкидланишича, қўмита ва «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти 2019 йил республиканинг 8 та ҳудудида 842 нафар респондент иштирокида сўров ўтказган.

Натижада, респондентларнинг 88,1 фоизи ўз хоҳиши билан тиббий кўрикдан ўтишини, қолгани тиббий кўрикдан ўтиш истаги йўқлигини билдирган. Иштирокчиларнинг 80 фоизи тиббий кўрикдан қатор муаммолар билан ўтганини, жумладан, 42,5 фоизи жараён жуда кўп вақт олишини қайд этган.

Сенаторлар назорат тизимини такомиллаштириш, ёшларга тиббий-генетик ва репродуктив саломатликка оид бепул маслаҳатлар бериш, шифокорлар ва ФҲДЁ органлари ходимларининг масъулиятини ошириш, кўрикдан ўтказувчи муассасалар фаолиятини мониторинг қилувчи ягона ташкилотни белгилаш таклифларини билдиришган.

Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисдаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори 2003 йилда қабул қилинган. Унга ҳозирга қадар бир маротаба, 2007 йилда ўзгартириш киритилган. Ўша пайтда ҳам асосан, низомнинг умумий қоидаларига қўшимча киритилган эди. Жумладан, 50 ёшдан юқори катта ёшдагилар тиббий кўрикдан ўз хоҳишига кўра ўтиши, «яшаш жойидаги» сўзи «доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги» сўзлари билан алмаштириш, никоҳ тузилишига монелик қиладиган ҳолатларга Оила кодексининг 16-моддасида назарда тутилган ҳолатлар ҳам кириши қайд этилган.