Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида иккита энергоблок авариявий тўхтади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 20 ноябрь куни соат 15−51да Тўрақўрғон ИЭСнинг 2 та энергоблоки авариявий тўхтади. Бунинг натижасида мазкур станция орқали энерготизимга етказиб берилаётган қувват 600 МВтга камайди.

Бунинг оқибатида водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида автоматик равишда чекловлар киритилди.

Оператив тарзда ўтказилган ўрганишларга кўра, авариявий тўхташ 2-энергоблокининг юқори босимли барабанидаги ўлчов датчикларининг импульс линияси музлаб қолиши ва бунинг оқибатида сув сатхининг кўтарилиши натижасида рўй берган. 1-энергоблок эса частотанинг пасайиши натижасида тўхтаган.

Ушбу қувват етишмовчилигини қоплаш учун Тахиатош ИЭСда қуввати 280 МВт бўлган 1-энергоблок соат 16−30да ишга туширилди. Ҳозирда 30 МВт қувватда ишламоқда. Соат 22−00га қадар 200 МВт қувватга чиқарилади.

Толимаржон ИЭСда қуввати 450 МВт бўлган 2-энергоблокнинг газ турбинаси соат 16−11 да ишга туширилди. Ҳозирда 300 МВт тўлиқ қувватда ишламоқда, дея қайд этди вазирлик.

Ҳозирда Тўрақўрғон ИЭСда музлаган ҳимоя датчикларини созлаш ишлари бажарилиб, 2-энергоблок соат 17−50 да тизимга уланди. Айни пайтда 150 МВт қувват бермоқда. Бугун соат 19−00 га қадар қуввати 250 МВтга чиқарилади. 1-энергоблок бугун соат 19−30 гача ишга туширилиб, тизимга 200 МВт қувват беради. Натижада бугун соат 21−00 га қадар ушбу энергоблокларда 700 МВт қувватга етади.

Шунингдек, электр таъминотидаги узилиш сабабли Зирабулоқ компрессор станциясида бугун соат 15−45 да 4 та ва 15−55 да Ғаллаорол компрессор станциясида 4 та газ ҳайдаш агрегатларининг вақтинча тўхташи рўй берди. Соат 16−35 га қадар электр таъминоти тикланиб, компрессор станциялари штат режимда ишлашга ўтди.