Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратилла Одинаев брифингда маълум қилди.

Маълумотга кўра, 7 ноябрь ҳолатига республика бўйлаб 3048 дан зиёд мониторинглар ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган 112 дан ортиқ хабарлар юзасидан ўрганишлар ўтказилган.

Мониторинг жараёнида 47 та мажбурий меҳнатга жалб қилинганлик ҳолатлари қайд этилган. Йил бошидан 101 та шундай ҳолатлар аниқланган.

Пахта йиғим-терим мавсумида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 40 та мансабдор шахсга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун 428 млн 160 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган, 6 та ҳолат тегишли тартибга судга ўтказилган.

126 та мансабдор шахсларга нисбатан муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, терим пуллари ўз вақтида ва белгиланган қийматда бермаганлиги учун жами 204 млн 937 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди, 5 та ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб судга ўтказилди.

Бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 790 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call марказ орқали — 461 та, web сайт орқали — 15 та, ижтимоий тармоқ орқали — 113 та, ёзма аризалар — 201 та қайд этилган.

Давлат меҳнат инспекцияси раҳбари мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дучор келган фуқароларни 1176 қисқа рақамларига, 71−200−06−00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишни сўради.