АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванкага нисбатан тергов ишлари бошланди

Нью-Йорк бош прокуратураси АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванкага нисбатан тергов ишларини бошлади. Маълумотларга кўра, президент солиқларни тўламаслик учун миллионлаб долларларни консалтинг хизматларига ўтказган, аслида бу пуллар қизининг ҳисобига тушган. Прокуратура сентябрь ойи охирида Трамп ўн йил давомида федерал даромад солиғини тўламагани тўғрисидаги маълумотлар тарқалганидан кейин тергов ишларини бошлади. — The New York Times.

Арманистон пойтахтида намойишчилар бош вазирнинг истеъфосини талаб қилишмоқда

Фото: Александр Рюмин / ТАСС

Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилаётган оппозиция фаоллари Ераваннинг бир неча марказий кўчаларини тўсиб қўйишди. Намойишчилар Тоғли Қорабоғдаги мағлубиятда Пашинянни айблашмоқда. «Никол хоин!», «Никол кетиши керак», — деб қичқиришмоқда намойиш қатнашчилари. — ТАСС.

Ялпи жаҳон қарзи 277 трлн долларни ташкил этиши мумкин

Коронавирус пандемияси туфайли ялпи жаҳон қарзи шу йил охирига келиб рекорд даражадаги 277 трлн долларни (жаҳон ЯИМнинг 365 фоизи) ташкил этиши кутилмоқда. Қарз ўтган йилнинг охирига нисбатан 15 трлн долларга кўпайди. Ривожланаётган мамлакатларнинг қарзи уларнинг ялпи ички маҳсулотининг қарийб 210 фоизини ташкил этмоқда. Мутахассислар дунё миқёсидаги қарзларнинг ўсишига сабаб сифатида паст фоиз ставкалари туфайли давлатлар ва корпорациялар томонидан бериладиган кредитлар сонининг кўпайишини келтириб ўтдилар. — Institute of Internatioal Finance.

Сеулда коронавируснинг учинчи тўлқини бошланди

Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Юн Та Хо Сеулда коронавируснинг учинчи тўлқини бошланганини эълон қилди. Мамлакатда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда. Мамлакат бош вазири Чонг Се Гюн фуқароларни оммавий тадбирларни, шу жумладан янги йил байрамларини ўтказмасликка чақирди. Шунингдек, компания раҳбарларига ишдан кейин қўшма тадбирлар ўтказмаслик ва масофадан туриб ишлайдиган ходимлар сонини кўпайтириш тавсия қилинди. — ТАСС.

Pfizer вакцинаси 15,5 еврога баҳоланмоқда

Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинанинг Европа Иттифоқи мамлакатлари учун нархи бир дозаси учун 15,5 еврони (18,34 доллар) ташкил этади. — Газета.uz

Беларусда ижтимоий тармоқдаги канал асосчилари террористлар рўйхатига киритилди

Беларусь хавфсизлик хизмати мамлакатнинг энг машҳур Telegram канали асосчиси ва унинг собиқ бош муҳарририни кузатиб бориладиган террорчилар рўйхатига киритди. Nexta ва Nexta Live каналларининг асосчиси 22 ёшли Степан Путило ва 25 ёшли Роман Протасевич Беларусь фуқаролари бўлиб, давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан тузилган 700 дан ортиқ «террористик фаолиятга алоқадор шахслар» рўйхатига киритилди. 726 шахсдан иборат бўлган ушбу руйхат 19 ноябрь куни КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси) сайтида янгиланди. — Газета.uz