Аввалроқ, давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳужжатга кўра, «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида"ги ва «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган гидрометеоролог» унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланмоқда. Лойиҳа 2021 йил март ойига қадар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 февралга қадар «Гидрометеорологик хизмат аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилади.

Ушбу қарор билан 2020−2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Шу билан бирга, Гидрометеорология хизмати маркази кузатув тармоғини кенгайтириш ва автоматлаштириш бўйича дастури қабул қилинмоқда.

Ўзгидромет мамлакатда гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Ўзгидромет бош директорининг ахборот технологияларини жорий этиш ва инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ҳамда молия-хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар гидрометеорология бошқармаси ташкил этилади. «Гидрометприбор» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси тугатилади.

Бунга қадар, 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Гидрометеорология факультетини ташкил этиш белгилангани ҳақида ёзган эдик.