2019−2020 ўқув йилида Америка Қўшма Штатларида ўзбекистонлик талабалар сони 546 нафарни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан 4,4% кам — 571). Ушбу маълумотлар OpenDoors таълим соҳасида халқаро алмашинув тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган. У АҚШ Давлат департаментининг Таълим ва маданият ишлари бюроси ва Халқаро таълим институти (IIE) томонидан нашр этилган.

2020 йилги «Open doors» ҳисоботига кўра, Қўшма Штатлардаги ўзбекистонлик талабаларнинг умумий сони 546 нафарни ташкил этади, уларнинг 50,5 фоизи бакалавриат даражасида, 31,5 фоизи магистратура босқичида, 11,5 фоизи ихтиёрий амалий машғулотларда ва 6,4 фоизи инглиз тили ёки қисқа муддатли ўқиш каби дастурларда қатнашмоқда. Бу Ўзбекистондаги талабалар орасида Америка таълимига бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганлигини кўрсатади. Америка олий ўқув юртлари ҳам ўзбекистонлик талабаларни жалб қилишга қизиқишни кучайтирмоқда, дейилади хабарда.

АҚШ 2019−2020 ўқув йилида 1 миллиондан зиёд халқаро талаба (1 075 496) қабул қилди, бу кўрсаткич кетма-кет бешинчи йил давомида қайд этилди. 2019−2020 ўқув йилида Қўшма Штатлардаги чет эллик талабалар сони бир оз пасайишига (1,8%) қарамай, ушбу гуруҳ ҳали ҳам АҚШ олий ўқув юртлари талабаларининг 5,5 фоизини ташкил қилади. АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, халқаро талабалар 2019 йилда АҚШ иқтисодиётига 44 миллиард доллар ҳисса қўшган.

«Биз пандемия давридан олдин кетма-кет беш йил давомида АҚШда бир миллиондан ортиқ халқаро талаба қабул қилганимиздан хурсандмиз. Халқаро талабаларнинг мобиллиги бугунги кунда ҳам ўз муҳимлигини сақлаб қолмоқда ва биз Қўшма Штатларни таълим олиш учун энг яхши жой деб биламиз. Таълим янада муваффақиятли келажак сари йўл бўлиб, халқаро таълим алмашуви талабаларнинг ҳаёти ва келажакдаги касбларини ўзгартириши мумкин» — деди Мари Ройс, Давлат котибининг таълим ва маданият масалалари бўйича ёрдамчиси.

«Open doors» — бу АҚШ олий ўқув юртларида таҳсил олаётган халқаро талабалар ва чет элда ўзларининг АҚШдаги коллежлари ёки университетлари учун академик кредитларни олиш учун таҳсил олаётган америкалик талабалар тўғрисидаги кенг қамровли маълумот манбаи.