Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бачадон бўйни саратонини бартараф қилишни тезлаштириш бўйича Глобал стратегиясини тақдим этди. Бу ҳақда БМТ янгиликлар хизмати хабар берди.

Бунинг учун 15 ёшгача бўлган қизларнинг 90 фоизини одам папиллома вирусига қарши эмлаш билан таъминлаш; аёлларнинг 70 фоизини 35 ёшида ва яна такроран 45 ёшида профилактик текширувдан ўтказиш; бачадон бўйни касаллиги ташхиси қўйилган аёлларнинг 90 фоизини даволашни таъминлаш зарурлиги таъкидланмоқда.

«Бир пайтлар ҳар қандай саратон касаллигини бартараф қилиш шунчаки орзуга ўхшар эди, аммо энди бизда уни амалга ошириш учун молиявий самарали ва далилларга асосланган усуллар мавжуд, — деди ЖССТ Бош директори доктор Тедрос Адханом Гебрейесус, — аммо, биз ушбу мақсадга дунёнинг барча давлатлари таклиф қилинган тадбирларни амалга оширишга интилгандагина эриша оламиз».

Ушбу вазифалар учун маблағ ажратилиши иқтисодиёт ва жамият учун катта фойда келтириши мумкинлиги стратегияда таъкидланган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 2050 йилгача ва ундан кейинги даврда аёлларнинг иқтисодий жараёнларда фаоллиги туфайли ҳар бир инвестиция қилинган доллар учун 3,2 доллар иқтисодиётга қайтади. Аёллар соғлиғини яхшилаш уларнинг оилаларига, маҳаллий жамоаларга ва умуман жамиятга ижобий таъсири кўриб чиқилса, бу 26 долларга кўтарилади.

Бачадон бўйни саратони касаллигини эрта аниқлаш орқали олдини олиш ва даволаш мумкин, дейилади хабарда. Бироқ, бу дунё бўйлаб аёллар онкологик касалликларинининг тарқалганлик кўрсаткичида тўртинчи ўринда туради. Бачадон бўйни саратони билан курашиш бўйича қўшимча чоралар кўрилмаган тақдирда, 2018 йилдан 2030 йилгача бўлган янги касалликларнинг йиллик сони 570 мингдан 700 минггача, ўлимларнинг йиллик сони эса 311 мингдан 400 минггача кўпайиши кутилмоқда. Даромад даражаси паст ва ўрта бўлган мамлакатларда касалликка чалиниш ҳолатлари деярли икки баравар кўп, ўлим даражаси эса даромади юқори мамлакатларга қараганда уч баравар ортиқ.

2019 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Миллий эмлаш календарига биноан инсон папиллома вирусига қарши вакцинани жорий қилганлигини эълон қилган эди.