Жорий йилда Глобал очлик индексда 107 та мамлакат иштирок этди. Мазкур индексда Ўзбекистон энг яхши деб топилган 47 та мамлакатлар орасида 6,7 балл билан 30 ўринни эгаллади. Ушбу маълумот Глобал очлик индекси расмий сайтида тақдим этилган.

Ўтган йилга нисбатан Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини яхшилади. 2019 йилда ушбу рейтингда мамлакат 10,7 балл билан 48 ўринда кўрсатиб ўтилган эди.

Глобал очлик индексининг етакчи поғоналарида Беларусь, Босния ва Герцеговина, Бразилия давлатлари жойлашган. Энг кичик кўрсаткичлар Мадагаскар, Тимор Лесте ва Чад мамлакатларида кузатилмоқда.

МДҲ давлатлари қуйидаги ўринларни эгаллашди:

  1. Украина — 16;
  2. Россия — 18;
  3. Қозоғистон — 21;
  4. Озарбайжон — 25;
  5. Грузия — 26;
  6. Ўзбекистон — 30;
  7. Арманистон — 31;
  8. Қирғизистон — 42;
  9. Туркманистон — 52.

Фото: Глобал очлик индекси (2020) / globalhungerindex.org

Бу индекс ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткични жамлаш орқали аниқланади:

  • тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши;
  • беш ёшгача бўлган вазни меъёрдан паст болалар улуши;
  • беш ёшгача бўлган бўйи меъёрдан паст болалар улуши;
  • беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.

Маълумотларга кўра, дунёда қарийб 690 млн киши тўйиб овқатланмайди, беш ёшгача бўлган 144 млн бола бўйи меъёрдан пастдир, беш ёшгача бўлган 47 млн бола вазни меъёрдан пастдир.

Фото: Глобал очлик индекси (2020) / globalhungerindex.org

Маълумот учун, Глобал очлик индекс кўрсаткичлари мавжуд бўлмаган мамлакатлар ва баъзи бир юқори даромадли мамлакатлар, аҳолиси кам мамлакатлар ва мустақил бўлмаган ҳудудлар учун ҳисобланмаган.