Россия Арктика ҳудудини юқори тезликдаги интернет билан таъминлайди

Россия Арктика ҳудудини 2026 йилгача юқори тезликдаги интернет билан таъминлайди. Ушбу лойиҳага 65 млрд рубль (851,8 млн доллар) ажратилди. Бу Арктика ҳудудида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида қилинмоқда. Маълумотларга кўра, янги интернет тармоғининг ўтказиш қобилияти 52−104 Тбит/с, қамровининг узоқлиги эса 12,5 минг км дан ошиқ бўлади. — РБК.

Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғ аҳолисига 3 млн евро миқдорида гуманитар ёрдам ажратди

Европа Иттифоқи можародан зарар кўрган Тоғли Қорабоғ аҳолисига 3 млн евро миқдорида гуманитар ёрдам ажратди. Маблағлар ҳудудда энг кўп зарар кўрган аҳолига тарқатилади. «Ушбу маблағ октябрь ойининг бошида ажратилган 900 минг еврога қўшимча сифатида белгиланади», — дейилади ЕК баёнотида. — ТАСС.

Беларусь фуқаролигини олиш қоидалари соддалаштирилди

Беларусда мамлакат фуқаролигини олиш учун соддалаштирилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Унга кўра фуқароликни қўлга киритиши мумкин бўлган шахслар рўйхати кенгайтирилди. «Беларусь фуқаролигини қўлга киритиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг рўйхатини кенгайтириш мамлакатимиз учун фуқароликни тиклаш институтини юзага келтиради», — деди Инсон ҳуқуқлари, миллий алоқалар ва оммавий ахборот воситалари бўйича доимий комиссия аъзоси Мария Василевич. — БелТА.

БАА ва Баҳрайндаги Фаластин элчилари фаолиятларини тиклашди

БАА ва Баҳрайндаги Фаластин элчилари ўз дипломатик вазифасини бажариш учун фаолиятларини тиклашди. Ушбу давлатлар Исроил билан алоқаларни яхшилаганларидан сўнг Фаластин ўз элчиларини чақириб олган эди. Фаластин ҳукумати томонидан бу борада расмий баёнотлар бўлмаган. — ТАСС.

ЖССТ бачадон бўйни саратонига қарши курашиш стратегиясини тақдим этди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бачадон бўйни саратонини бартараф қилишни тезлаштириш бўйича Глобал стратегиясини тақдим этди. Бунинг учун 15 ёшгача бўлган қизларнинг 90 фоизини одам папиллома вирусига қарши эмлаш билан таъминлаш; аёлларнинг 70 фоизини 35 ёшида ва яна такроран 45 ёшида профилактик текширувдан ўтказиш; бачадон бўйни касаллиги ташхиси қўйилган аёлларнинг 90 фоизини даволашни таъминлаш зарурлиги таъкидланмоқда. — Газета.uz

Илон Маск миллиардерлар рейтингида Цукербергни ортда қолдирди

SpaceX ва Tesla компанияларининг бош директори Илон Маск Bloоmberg глобал миллиардерлар рейтингида Facebook асосчиси Марк Цукербергдан ўзиб кетиб, учинчи ўринни эгаллади. Маълумотларга кўра, 19 ноябрь куни Маскнинг бойлиги 120 млрд долларни, Цукербергда эса 103 млрд долларни ташкил қилган. Биринчи ўрин Amazon асосчиси Жефф Безосга (183 млрд доллар) тегишли, рейтингда 128 млрд долларлик бойликка эга деб ҳисобланган ҳолда Microsoft асосчиси Билл Гейтс турибди. — Газета.uz