Тошкентнинг Гагарин кўчасидаги дарахтларнинг кесилиши масаласига Давлат экология қўмитаси изоҳ берди. Унга кўра, олтита дарахт табиий омиллар таъсирида зарарланиб, қуриган дарахтлар қонуний кесилган, шунингдек, бир дона чинор дарахти Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний кесилган.

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ҳолат ўрганилганда, Чилонзор туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан аҳолининг кўп сонли мурожаатларига асосан юқорида баён этилган манзилда қуриган дарахтларни санитар кесиш юзасидан хулоса тақдим этиш тўғрисида мурожаат қилинган. Мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилган, фуқароларнинг соғлиғи ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган, олтита қуриган ҳамда касалланган дарахтларга хулоса берилган.

Қўмита матбуот хизмати хабарига асосан, 2020 йил 18 ноябрь куни Давлат экология қўмитаси, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳ ҳолат жойига чиқиб, баён этилган масалани жойида ўрганишган.

«Ўрганиш якунларига мувофиқ олтита дарахт табиий омиллар таъсирида зарарланиб, қуриган дарахтлар қонуний кесилганлигини, шунингдек, бир дона чинор дарахти Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний кесилганлигини маълум қилади», — деб аниқлик киритди Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.

Ноқонуний кесилган дарахт юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Экологик муҳитга келтирилган зарар 42,9 млн сўмни ташкил этди. Ушбу зарарни ундириш учун ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.