Самарқанд вилоят Оқдарё туманида 18 ноябрь куни автобус автомашинаси 20 нафар йўловчи билан йўл-транспорт ҳодисасига учради, деб хабар бермоқда Zarnews нашри.

18 ноябрь куни соат тахминан 22:30 да ҳайдовчи А.И. бошқарувида бўлган «GOLDEN DRAGON» русумли автобус автомашинаси 20 нафар йўловчи билан Оқдарё тумани Пахтаобод маҳалласи, Мустақиллик қишлоғи ҳудудидан ўтувчи «Самарқанд-Бухоро» М-37 автомобиль йўлининг 13-километрида бошқариб келаётган вақтида, асфальт қисми сирпанчиқ бўлганлиги боис ҳайдовчи автомашина бошқарувини йўқотиб, йўлнинг ўнг томон четки қисмидаги пастликка ағдарилиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси туфайли автобусда йўловчи сифатида келаётган фуқаролар А.Б. ва Ф.Р.лар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳодиса содир бўлган жойга тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиққан ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.